Португалия терма жамоаси ва «Спортинг» клуби ярим ҳимоячиси Жоау Мариунинг отаси футболчи бошқа клубга ўтиши мумкинлигини тасдиқлади.
Лиссабонликлар 23 ёшли Европа чемпионини «Интер» ва «Ливерпуль»га сотишдан бош тортган, чунки улар таклиф қилган пул «Спортинг»ни қониқтирмаган.
«Ўғлим бўйича таклифлар бевосита менга келмайди. Таклифлар унинг агентига ва «Спортинг» президентига бориб тушади. Клуби уни 35 млн евро эвазига «Интер»га ва 40 млн эвазига «Ливерпуль»га сотмаганидан хабарим бор, холос», — деди футболчининг отаси.
«Ўзига хос ҳеч қандай воқеа юз бергани йўқ. Жоау профессионал ва «Спортинг» билан шартномаси борлигини яхши билади. Айни вақтда, биз жуда қимматли, фаолияти давомида янада каттароқ лойиҳалар учун интиладиган футболчи ҳақида гаплашяпмиз», — деди Мариунинг отаси.