Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Бахтли болаликдан бенасиб футболчи

Баҳо:
+ | -

Яқиндагина поёнига етган Евро-2016 мусобақасида номи энг кўп тилга олинган ҳимоячилардан бири шубҳасиз, Польша терма жамоаси аъзоси Камил Глик бўлди. Бир қарашда, унинг бугунги қиёфасига боқиб, «бу йигит ёшлигида ҳеч бир муаммоларга дуч келмаган бўлса керак», деб ўйлаш мумкин. Лекин аслида, ундай эмас. Чунончи, оилавий жанжаллар-у, ичкиликбоз ота туфайли Камил болаликда айтарли рўшнолик кўрмаган. Келинг, ҳаммаси ҳақида бошидан сўз юритайлик...

Ўша куни Камил Водзиславдаги машғулотлардан ке­йин уйига қайтди. Кийимлар солинган халтасини бир четга қўйиб, ичкарига кирса, аҳвол ҳар доимгидек: отаси Яцек ичиб келиб, жанжал кўтарган, онаси Гражина эса алам билан йиғлаб ўтирарди. Вояга етиб қолган Камил бундай вақтларда онасининг ёнини олар, отаси билан эса баъзида овозини баландлатиб гаплашишга мажбур бўларди. Ўша куни эса 16 ёшли ўсмир ўзини тута олмади: жаҳл устида сумкасидан бутсасини олди-да, отасига қараб улоқтирди. Яхшики, бутса нишонга тегмай, дераза ойнасига бориб урилди. Акс ҳолда, жанжал янада жиддийлашиб кетиши аниқ эди.

Худди шу воқеадан 15 йил аввал эса Яцек бошқа бир сабаб туфайли касалхонада дод солиб қичқирарди: «Э Худо, болажонимни мендан тортиб олма!». Чунки ангина касаллигининг зўрайиб кетиши оқибатида бир ярим яшар Камилнинг бутун баданига қандайдир тошмалар тошиб кетган, ўзи эса иситманинг зўридан ҳатто нафас олишга ҳам қийналиб ётарди. Чақалоқ бечора тинмай йиғлар, бировнинг қўл теккизиши ҳам боланинг аҳволини баттар оғирлаштирарди. Бу касал билан оғриган болалар жуда кўплиги учун Гликлар оиласига кечаси соат 23 гача навбат тегмади. Ниҳоят, бир ҳамшира озгина вақт топиб, Камилнинг белига иккита укол қилиб кетди. Ўша кунлари ҳудуддаги олти нафар бола ҳаётдан эрта кўз юмди - Камил эса яшаб қолди. Болакай 11 кун бир ўзи касалхонадаги махсус каравотда ётди. Унинг ота-онаси эса навбати билан ойнадан боқиб, кўз ёш тўкишар, кейин эса бувиси Кристина бошчилигида черковга бориб, фарзандларига Яратгандан умр тилашарди.

«Эсимда бор, бош шифокор айтгандики, Камилникига ўхшаш оғир хасталикка учраган болаларнинг фақат бир фоизигина мўъжиза туфайли тирик қоларкан», - дейди Гражина.

Буни қарангки, орадан бир-икки йил ўтгач, Глик ҳеч нарса бўлмагандек, буткул соғайиб, бақувват, серҳаракат болага айланди. У жуда шўх бўлиб, тинмай ҳовлида ўйнар, сакрар, велосипедда бутун маҳаллани айланиб чиқарди. Камил тўп ўйнайдиган майдонча атрофидаги уйларнинг бирига эса қуйидаги ёзув илиб қўйилганди: «Бу ерда футбол ўйнаманг!».

Гликлар оиласи у пайтлари Ястшембе-Здруй шаҳарчасининг Дружба туманида яшашарди. Уй бекаси - Гражина озиқ-овқат дўконида ишлар, уйдан тонг-саҳарда чиқиб кетарди. Оқшомлари эса каттакон товоқда Камил ва унинг укаси Матеуш учун шўрва пишириб қўярди. Онасининг кўп вақти ишда ўтгани учун Камил укаси учун иккинчи отага айланди - у ҳар кун Матеушни боғчага олиб борар, олиб келар, овқатлантириб, сайр қилдирарди.

Яцек эса шахтёр эди. Юқори Силезияда биргина у эмас, жуда кўпчилик конда ишлар, кўмир савдоси яхшилиги учун уларнинг маоши каттагина бўларди. Аввалига Яцек уйига яқин жойдаги шахтада ишлади. Лекин Камил бошланғич мактабга борган пайтлари отаси ишлайдиган кон ёпилди ва Яцек бахт қидириб, Германияга йўл олди. У ерда ишлаш учун шартнома тузиб, фамилиясини «Глюк»ка ўзгартирди. Табиийки, унга бургут рамзи туширилган янги паспорт ҳам берилганди. Орадан кўп ўтмай, худди шундай паспорт Камилда ҳам пайдо бўлди. Зеро, ўғлидаги футболга меҳрни сезган ота уни Дрезденнинг «Динамо» футбол клуби академиясига жойлаб қўйишни истаганди. Аммо мана шу жойда муаммо юзага чиқди... Камил ўқийдиган мактаб раҳбари Януш Понтус болакайни текинга қўйиб юборишни хоҳламади ва Дрезден клубидан 250 минг евро бадал пули талаб қилди. Албатта, Дрездендагилар болакай учун шунча пул тўлашни исташмади ва натижада дастлабки орзулар саробга айланди.

Шу тариқа, Яцек Глик Германияда бир ўзи қолиб кетди. У икки ойда бир марта уйга келар, энг муҳими, ҳар гал ўғиллари учун бирор нарса, масалан, «Бавария» клубининг расмий либосларини олиб келарди. Кунларнинг бирида эса фарзандларига PlayStation ўйинини совға қилди. Силезия вилояти учун эса бундай нарсалар «анқонинг уруғи» ҳисобланар, шу боис Камил ҳар гал отаси келганда ўзини худди қироллардек бахтиёр сезарди. Бироқ биргина омил болакайнинг шодлигига раҳна соларди - яқинларидан узоқ юрган Яцек ичишга ўрганиб қолганди. Ачинарлиси, Германияда ичкиликка ружу қўйган ота уйига келганида ҳам шишадан бошини кўтара олмасди. Айни сабаб туфайли Гликлар оиласида кундалик майда жанжаллар одат тусига айланди. Аҳвол шу даражага бориб етдики, Гражина полицияга қўнғироқ қилиб, эрининг қилмишларидан нолиди. Аммо унга қуйидагича жавоб беришди: «Э, сизлар яшайдиган туманда бундай ишлар кунига ўнталаб учрайди...»

Хуллас, полициядагилар бундай ҳолатларга кўникиб кетишганди. Табиийки, Камил ҳам шунга ўрганиб кетди.

Энг қизиғи, ҳар гал жанжал кўтарилганининг эртасига ота-бола ҳеч гап бўлмагандек ярашиб олишар, биргаликда футбол ўйнаб, балиқ овига боришарди. Камил бундай пайтларда отасини ичкиликдан қайтариш учун астойдил ҳаракат қилар, деярли ҳар кун битта гапни қайтаргани-қайтарган эди: «Отажон, бугун уйга ҳушёр қайтинг, илтимос». Бир сафар у онаси ва укаси билан биргаликда Яцекни даволанишга ҳам кўндира олди. Отаси назорат остида уч ойгача ичкиликдан тийилиб юрди, аммо барибир, ўзини нафс балосидан қайтара олмади. Уйда яна жанжал, қичқириқ ва фарёдлар овози эшитила бошлади.

Лекин буни қарангки, ҳаёти мақтанарли бўлмаган болакайнинг футболдаги йўли равон кетди. У 12 ёшигача шаҳарчанинг «МОСиР» жамоаси шарафини ҳимоя қилди. Гливицада ўтган болалар мусобақасига Камил ҳимоячи сифатида йўл олди, аммо жамоа дарвозабони жароҳат олгач, унинг ўрнини эгаллади. Муҳими, Камил голкиперлик вазифасини аъло даражада уддалади, жамоа эса финалгача етиб борди. Шу кетишда Камил яна учта турнирда дарвозабон сифатида ҳаракат қилди. Шеригининг қўли тузалганидан кейин эса ҳимоядаги ўрнига қайтди.

Бу орада юқорида тилга олинган мактаб раҳбари Януш Понтус ўзининг футболга ихтисослашган хусусий мактабини очди ва Камилни ҳам биринчилар қатори, ўзига оғдириб олди. Янушнинг услублари оддийгина эди - у болаларга янги либослар, бутсалар ва сумкалар ҳадя қилди. Болалар эса унинг атрофида асалга ёпишган ҳашаротлардек гирдикапалак бўлишарди. 2001 йилга келиб, Понтуснинг мактаби анчагина танилиб қолди ва Камил Глик шу пайтлари илк бор саёҳатга чиқиш имконига эга бўлди. Яъни, ёш футболчилар ўртоқлик ўйинлари ўтказиш ва тажриба ошириш учун самол­ётда Португалияга - Лиссабонга сафар қилишди. Албатта, бу саёҳат кўпроқ сайёҳлик мақсадида бўлгани учун Глик ва унинг жамоадошлари ўйинларни 0:4, 0:5 ва 2:3 ҳисобларида бой беришди. Бироқ Камилни ҳисоблардан кўра, чет элга саёҳат кўпроқ қизиқтирар, у еттинчи осмонда учиб юргандек бахтли эди.

2005 йилга келиб Понтус Глик ва яна ўнлаб поляк ёшлари Испания тўртинчи дивизионидаги «Орададу» клубига бир амаллаб жойлаштирилдилар. Камилнинг ойисини эса ҳатто шу ҳам жуда хурсанд қилди - ҳарҳолда, уйда жанжал камаяди... Пол­як ёшлари испан клубида ойига атиги 600 евро учун тўп суришар, шунда ҳам жамоа асосий таркибига польшаликлардан фақат Камил ва Понтуснинг ўғли кира олганди, холос. Орадан қандайдир вақтлар ўтгач, Глик ҳақида илиқ фикрлар янграй бошлади ва ҳатто уни тажриба ошириши учун «Ливерпул»га - Рафаэль Бенитес қўли остига юборишди. Ундан кейин эса «Валенсия» ёш футболчи учун маҳорат мактаби вазифасини ўтади. Албатта, Камил бу клубларнинг ўринбосарлари таркибидан жой олиши ҳам мушкул эканини биларди. Лекин ажойиб кунларнинг бирида футбол оламига Фернандо Морьентесдек юлдузни етказиб берган мутахассис Мадриднинг «Реал» клуби ёшлар жамоасига таклиф қилганида, Глик ҳаяжондан қалтираб кетди ва титроқ қўллари билан уч йиллик шартномага имзо чекди.

Битим имзоланганидан сўнг «Реал» афсонаси Рауль Камилнинг ёнига келиб, ўз ёрдамини таклиф қилганида, йигитча бутунлай гангиб қолди. У фақат бошини лиқиллатиб, «Йўқ, раҳмат, йўқ», дея олди, холос.

«Реал»даги таълим якунига етганидан сўнг, аниқроғи, 2008 йилнинг ёзида Глик Польшага қайтиб, «Пяста» клуби сафига қўшилди. Кейинги йили эса у отасидан айрилди - Чехияга ишлашга кетган Яцекни ватандошлари эрталаб жонсиз ҳолатда кўришди. Унинг юраги ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилинган алкаголни кўтара олмаганди. Отасининг ўлими футболчига салбий таъсир қилиб, энди ўзи ҳам ичкиликка ружу қўя бошлади. Яхшики, Камилнинг севгилиси - Марта уни «Пяста» автобусидан маст ҳолда топиб олганидан сўнг бундай беъманиликларга чек қўйилди.

Бу орада Гликнинг агенти мижозига жиддий мақсадлар учун кураша оладиган янги жамоа топди - «Палермо». Италияга мослашув жараёни унчалик мураккаб кечмагани боис, Камил ўзи ўйлаганидан ҳам яхшироқ ўйин кўрсата бошлади. Шу сабабли тезда унга янги харидор - «Бари» ва унинг устози Жампьеро Вентура пайдо бўлди. Аммо бу жамоа муваффақиятга эришди, деб айта олмаймиз. Қачонки, Вентура «Торино»да иш бошлаганидан сўнг поляк йигитини ёнига чорлади ва Глик бунга «лаббай» дея жавоб берди. Янги клубдаги икки йиллик фаолиятдан кейин эса сардорлик даражасига кўтарилиб олди. Эътиборлиси, туринликлар жамоасига 1960 йилдан буён хорижлик футболчи сардор этиб сайланмаганди. Энг муҳими, уни Туринда футбол ишқибозлари севиб қолишди. Бошқача айтганда, Камил Глик маҳаллий иш­қибозлар учун ҳақиқий етакчи ва қаҳрамон эди. Шаҳардаги пиццериялардан бири ишни бошқалардан бир соат олдин бошлаб, Камилнинг нонуштаси учун мазали пицца тайёрлаб туради. Италияда ана шундай ҳурматга эришиш учун қанчалик меҳнат қилиш кераклигини тасаввур қилиб кўринг-а...

Майдонда эса Глик  юқорида айтганимиздек, маҳаллий мухлислар учун чиканам қаҳрамон. «Буқалар» «А» серияга қайтган илк мавсумдаёқ Камил Глик тиниб-тинчимас Жаккеринини қўполлик билан йиқитгани учун майдондан четлатилди. Бу ўйинда «Торино» 0:3 ҳисобида енгилди, Вентурани эса тез ёрдам машинасида касалхонага олиб кетишди. Шундан кейин Камил ўзини босиб олиб, шундай барқарор ўйин кўрсатдики, натижада, Gazzetta Dello Sport уни «А» сериянинг 2014|2015 йиллар мавсумидаги рамзий терма жамоага киритди. Ахир, ҳимоячи учун 7 гол - ёмон эмас-да! Боз устига, Камил ишқибозларни баттар жунбушга келтириб, ҳар бир ўйинга алоҳида сардорлик боғичи билан чиқиб келади. Жумладан,  «Ювентус»га қарши дербида у фойдаланган боғичда буқа билан зебранинг кураши тасвирланган эди. Энг муҳими, боғичларда доим унга катта футбол умидини берган «Пяста» клуби логотипи ва Рим папаси (Гликнинг ватандоши) Иоганн Павел IIнинг қуйидаги жумлалари бўлади: «Кечаги кун - энди сеники эмас. Эрта қандай бўлиши - ноаниқ. Демак, энг муҳими - бугун».

Шундайку-я, лекин Камил кечаги кунини яхши эслайди. Бир йил муқаддам у Гавайи оролларида дам олиб қайтганидан сўнг ўзи яшайдиган Ястшембе-Здруйга Польша президентини таклиф қилиб, ёшлигида футбол ўйнаган майдончани кўрсатди ва у ерда янги стадион қуриш нияти борлигини айтди. Камилнинг ҳамёнидан чиққан 150 минг злотий эвазига қурилиши бошланган арена шу йил ноябрь ойларида фойдаланишга топширилади. 2013 йили эса у Марта билан биргаликда Широкий туманида бошпанасиз итлар учун алоҳида бино солди. Аслида, уларнинг оиласида йоркшир терьери ҳам бор, аммо кўнгилчан Мартанинг кучукларга раҳми келса, Глик қаршилик қилармиди?!

Ароқхўр ота-чи? Камил уни ҳозир эслайдими?

«Фақат эндигина, бир рўзғорни тебрата оладиган эркак бўлиб етишганимдан кейингина ҳаётимда нақадар катта йўқотишларга дуч келганимни тушуниб етяпман. Отам бугун нималарга эриша олганимни кўришини жуда-жуда хоҳлардим. Кўнглим сезади, у мен билан албатта, фахрланган бўларди. Мен эса у ҳақда фақат яхши хотираларнигина эслайман...»

Championat.com -  И.РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:36, 28.07.2016.
Ўқилди: 5248 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.