Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Футболимиз рекламага муҳтож!!!!

Баҳо:
+ | -1

Сиз Копа Америка ва Европа чемпионатини томоша қилиб бўлгунингизга қадар, ўзимизнинг олий лигада биринчи давра якунига етди. Сездингизми? Германия ва Хорватиянинг шиддатли, Франция ва Португалиянинг эса зерикарли ўйинлари билан бошланган чемпионатнинг якуни мужмал финал билан тугаганини биласиз.  Аммо Ўзбекистон чемпионатида бунга терс ўлароқ анча-мунча кутилмаган натижалар қайд этилиб, қизиқарли ўйинлар ўтказилганидан хабарингиз борми?

Хуллас, энди Европа чемпионати тугади. Копа Америка-ку Мессининг кўз ёшларига қоришиб, тарих қаърига сингиб кетганига ҳам бир ойдан ошди. Энди бу ёғига кузга қадар фақат олий лига билан қолишингизга тўғри келади. Албатта, бу гапимиздан кимларнингдир юзи тиришиб кетган бўлиши мумкин. Аммо ишонинг, бу йилги олий лига аввалгиларидан анча фарқ қилади. Гарчи Ўзбекистон чемпионатини Европанинг «кучли бешлиги» билан таққослаш анча қийин бўлса-да, барибир, ўзимизнинг лига ҳам кучаймоқда. Ҳозир олий лигамизни бироз «реклама» қилишга уриниб кўрамиз. Тайёр туринг.

Ишонаверинг, Ўзбекистон чемпионати ҳам сўнгги вақтларда кутилмаган совғалар тақдим этиш борасида анча уддабурон бўлиб қолди. Тур ўтгани сари сенсацион натижалар олдингидек ҳайратланарли кўринмай қолган. Чунки интрига, кураш ва иштиёқ деганлари  энди «анқонинг уруғи» эмас. Яхшилаб қидирсангиз, ҳар бир ўйиндан топишингиз мумкин. Ёки деярли ҳар биридан.

Албатта, бу йил аутсайдернинг очко тортиб олиши дейсизми ёки етакчининг қоқилиши - ҳаммасидан бор. Ҳатто олий лиганинг яққол аутсайдери ҳисобланган «Обод» ҳам сафардаги илк ғалабасига эришди. Ёдингизда бўлса, 14-турда ўтказилган ўша учрашувда «ободчилар» «Андижон»ни мағлуб этган эдилар (1:0). Мавсум бошида чемпионлик курашида сўзсиз фаворит ҳисобланган «Локомотив» эса ҳозир иккинчи ўринда турибди. Бу ҳам майли, «темирйўлчилар» сал қолса 14-турда «Металлург»дан мағлубиятга учрашлари ҳам ҳеч гап эмас эди. Ҳайтовур, сўнгги дақиқаларда Ислом Тўхтахўжаев томонидан урилган гол «Локомотив»ни қутқариб қолди. Аниқроғи, бир очкони қутқариб қолди, якуний ҳисоб эса - 3:3. Ўйин шиддатини тасаввур қиляпсизми?

Мавсум бошида кўпчилик ишонмаган «Бунёдкор» эса мусобақа пешқадами бўлиб олган. Яна ёш футболчилар ҳисобига, денг. У ёғини сўрасангиз, Достонбек Ҳамдамов, Отабек Шукуров ва Акром Комиловларнинг ўйинини томоша қилиб тўймайсиз. «Хўрозқанд чет элники», дейишса, ётиб ялашади, биламиз. Аммо ишонинг, ўзимиздан ҳам ҳозир «хўроз» ўйинчилар етишиб чиқишмоқда. Уларнинг ўйини ҳам ҳеч бўлмаса бир нигоҳ ташлаб қўйишга арзийди.

Шунақа. Авваллари кўп ва хўп танқид қилинган олий лига бу йил ўзгача ўтяпти. Балки сиз Европа чемпионати ўйинлари билан андармон бўлиб қолгандирсиз, аммо энди ўзимизда ҳам ҳисобни олдиндан айтиш анча қийинлашган. Масалан, «Машъал» ўз майдонида «Насаф»ни 1:0 ҳисобида ютиб қўйишини кутганмидингиз? Ёки пулдан қийналиб турган «Сўғдиёна» ва «Шўртан»нинг молиявий жиҳатдан анча бақувват бўлган «Бухоро» ва «Қизилқум»дан очко тортиб олишини-чи? «Пахтакор» «Челси»нинг қисматини такрорламоқда, «Металлург» эса тобора «лестерлашиб» боряпти. Фақат Англияда эмас, ўзимизда ҳам шундай ўйинлар бўлади. Фақат томоша қиладиган одам йўқ. Бор-у, анча кам. Чунки сиз ўша вақтда Копа Америка ва Европа чемпионатига берилиб кетган эдингиз. Йўқ, йўқ, биз сизга асло таъна қилмаяпмиз. Ахир ўша ўйинларни ўзимиз ҳам томоша қилганмиз. Шунчаки, олий лигани ҳам бунчалик ташлаб қўйиш ярамайди-да. Нима дедингиз?

Албатта, шу ўринда ҳақли бир савол туғилиши ҳам турган гап - йирик мусобақалар вақтида олий лига баҳсларини тўхтатиб турсак бўлмайдими? Копа Америка ва Европа чемпионати вақтида, барибир, истайсизми ёки йўқ, ҳамманинг диққати жаҳон ареналарига қаратилган бўлади. Ҳатто энг ашаддий мухлис ҳам Франция - Ирландия ўйини турганда «Қўқон-1912» ва «Олмалиқ» баҳсига тушишга иккиланиб қолиши аниқ. Оқибатда олтита голни кўра олмай қолади (ўша ўйинда қўқонликлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишган - муаллиф изоҳи). Шундай экан, олий лигани йирик мусобақалар вақтида танаффусга чиқариб турган маъқул эмасми? Айтайлик, ўзи шундоқ ҳам Европа чемпионати билан бирга олий лигада ҳам биринчи давра якунига етди ва жамоалар бир ойлик таътилга чиқиб кетдилар. Мана шу танаффус Европа чемпионати ва Копа Американинг қизиган даврига тўғри келганда сиздек ашаддий мухлислар олий лигани томоша қилмасмидингиз? Бундан эса чемпионатимиз ҳам албатта, ютган бўларди.

Майли, энди бу гапларни унутайлик. Кейинги мусобақаларгача бир гап бўлар. Қолаверса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2018 йўлланмасини қўлга киритса, олий лига ҳам ўз-ўзидан тўхтаб қолади. Бунисидан хавотир олманг.

Ҳа, олий лигамизни кучайтириш керак. Ишонинг, бунда сиз ва бизнинг ҳиссамиз ҳам катта. Агар стадионга мухлислар кўпроқ келса, чемпионат шунга яраша кучайиши турган гап. Демак, сиз ҳам келинг. Илгари-ку, «ўйинлар келишилган», «ҳақиқий тўқнашувлар йўқ», дердик. Мана, ўйинлар келишилмаётгандек, росмана тўқнашувлар ҳам бўлиб турибди. Энди нима деймиз?

Футболни реклама қилиш шунчалик бўлар. Албатта, реклама бўлгач, бироз муболаға ишлатилиши ҳам турган гап. Бу муболаға қай даражада бўлганини эса, стадионга келсангиз билиб оласиз. Кутамиз, дўстим...

Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:59, 29.07.2016.
Ўқилди: 6062 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.