Ўзбекистонлик оғир вазндаги боксчи Руслан Чагаев фаолиятини якунлашга қарор қилди. Бу ҳақда унинг рафиқаси Виктория Чагаева хабар берди, деб ёзади ТАСС.
«Турмуш ўртоғимнинг соғлиги жойида, Худога шукр. Шунчаки Руслан бошқа жанг қилмайман деди. У чарчади. Браунга қарши жангдан сўнг рингга бошқа чиқмасликка қарор қилди», — деди Виктория.
5 март куни Грозний шаҳрида Руслан Чагаев австралиялик Лукас Браунга 10-раундда техник нокаут билан мағлуб бўлганди. Бироқ жангдан сўнг Браунни қонида тақиқланган модда топилгани сабабли, чемпионлик камари Чагаевга қайтарилди.
26 июль куни Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) Чагаевни чемпионлик камаридан маҳрум қилди. Руслан унвонини ҳимоя қилиш учун пуэрториколик Фрес Окендога қарши жангга чиқишдан бош тортганди.