Кириш Регистрация

Расман. Беҳруз Каримов Европа жамоасига ўтди

Баҳо:
+6 | -

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Сурхон” клубининг 19 ёшли ҳимоячиси Беҳруз Каримов фаолиятини Швейцария Суперлигаси вакили “Лугано” клубида давом эттиради. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси матбуот хизмати хабар берди.

18 ёшли футболчи Тошкент шаҳрида янги клуби учун тиббий кўрикдан ўтган. Шундан сўнг Каримов “Лугано” билан шартнома имзолаган.

Эндиликда футболчи Швейцарияда фаолият юритиши учун зарур визани олиши кутилмоқда. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач, Каримов Швейцарияга йўл олади.

Беҳруз Каримовнинг янги жамоаси Швейцария футболининг энг ўзига хос ва тарихий клубларидан бири ҳисобланади. 1908 йилда ташкил топган жамоа 2000 йиллар бошидаги банкротликдан сўнг ўзини тиклаб, еврокубокларнинг мунтазам иштирокчисига айланган. Хусусан, ўтган мавсумда “Лугано” ички чемпионатда “Базел” ва “Янг Бойз” каби грандларни ортда қолдириб, 3-ўринни эгаллади ҳамда янги мавсумда Конференциялар Лигасининг иккинчи саралаш босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ўз тарихида 3 марта мамлакат чемпионлиги ва 4 марта Швейцария кубогини (сўнггиси 2022 йилда) қўлга киритган жамоага айни пайтда 44 ёшли маҳаллий мутахассис Маттиа Крочи-Торти устозлик қилмоқда.

Маълумот учун, Беҳруз Каримов футболчилик фаолиятини “Одил Жуниор” академиясида бошлаган. Ёш ҳимоячи 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида иштирок этиб, Португалия ва Колумбияга қарши учрашувларда майдонга тушган эди. Айнан мундиалдаги ишончли ҳаракатларидан сўнг ёш ҳимоячига Европа жамоаларидан жиддий қизиқиш пайдо бўлган эди.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 20:56, 08.08.2026.
Ўқилди: 4684 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.


счётчик