"Навбаҳор" сафига "Норин" жамоасидан таклиф этилган Владислав Алексин ортда қолган Ўзбекистон Биринчилигида ўзини яхши намоён қилди. Ҳаққулободликлар сафида 15 та гол киритишга эришган ҳужумчи иккинчи даврадан эътиборан "Навбаҳор" шарафини ҳимоя қилади. Машғулотлардан сўнг Алексинни суҳбатга тортдик.
- Владислав, иккинчи даврага жудаям қизғин таррадуд кўряпсизлар. Хўш, кайфиятлар қандай?
- Ҳаммамизни кайфиятимиз аъло даражада, муҳит эса ажойиб. Жамоамиз иккинчи даврага муносиб тайёргарлик кўрмоқда. Дастлабки ўйинда ғалаба қозонмоқчимиз.
- "Навбаҳор" йиғин доирасида 3 та назорат учрашуви ташкил этиб, икки ўйинда ғалаба қозонди. "Бухоро"жамоасини нимани ҳисобига мағлуб этдингизлар?
- "Бухоро" клуби яхши шаклланган жамоа эканлиги сезилиб турди. Бежизга улар мусобақа жадвалининг юқори қисмида боришаётгани йўқ. Бухороликларга қарши ўйин биз истагандек бошланмади. Аммо тезда ўзимизни ўнглаб, якунда ғалаба қозондик. Ўша учрашувда ҳужумкор ўйин кўрсатдик ва шу жиҳат ҳам ғалабани таъминлади, деб ўйлайман.
- "Сўғдиёна"га қарши кечган ўйинчи?
- Биласизми, "Сўғдиёна"га қарши ҳимоявий тактикани қўлладик. Қандай ўйнашимизни ошкор қилмоқчи эмасмиз. Олдимизда "Локомотив"га қарши қийин учрашув кутиб турибди. Шунингдек, жиззахликлар билан иккинчи давранинг 3-турида тўқнаш келамиз. Ҳар ҳолда ҳар бир жамоанинг ўз стратегияси бор.
- Келинг, энди ўзингиз ҳақингизда қисқача маълумот берсангиз.
- Мен 1993 йил сентябрь ойида Навоийда туғилганман. Футбол сир-асрорларини шу ерда ўрганганман. Тақдир тақозоси билан оиламиз билан Россияга кетганмиз ва ўша ерда футболчилик фаолиятимни давом эттирганман.
- Билишимизча, Равшан Бозоров Сизни Ўзбекистонга чақирган экан?
- Худди шундай. Равшан ака билан "Динамо" (Самарқанд)нинг ёшлар жамоаси билан шуғулланиб юрганимда танишганман. Мени яхши билганликлари учун "Норин" жамоасига таклиф қилдилар. Ҳаққулободда ҳам ёмон жамоа тузилмаган эди.
- Владислав, биласизми 1-лига билан Олий лига ўртасида осмон билан ерчалик фарқи бор. Кўпчилик Сизни элитада йўқолиб қолмасмикан, деган фикрда.
- Равшан Бозоров футболчилик фаолиятида ҳужумчи бўлганлиги учун биз ҳужумчилар билан ўзлари, алоҳида дастур асосида иш олиб бормоқдалар. Бизга ишониб "Навбаҳор"дек жамоага таклиф қилдиларми, демак биз жон-жаҳдимиз билан ўйнаймиз. Ахир бизни орқамизда футболни севадиган мухлисларимиз туришибди бизга умид боғлаб. Шунинг учун уларни юзларини ерга қаратмаймиз.
- Олий лигада нечта гол уришни мақсад қилгансиз?
- Авваламбор, киритган голларим жамоамизга ғалаба тақдим этсин. Биз ҳар бир ўйинга ғалаба тушамиз. Фақатгина мухлисларимиз стадионни тўлдириб, бизни қўллаб-қувватлаб туришса бас.
- Иккинчи даврада раҳбарият томонидан қандай вазифалар қўйилган?
- Шу ўринда клуб раҳбариятига жамоамиз номидан миннатдорчилик билдирамиз. Бизга барча шароитларни яратиб беришмоқда. Раҳбарият томонидан албатта ҳар бир учрашувда ғалаба қозониш вазифаси этиб қўйилган. Биз биринчи даврада йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилишимиз шарт. Энг асосийси, жамоамиздагиларни кайфиятлари аъло даражада. Бир оиламиз ва ўзимизга ишонамиз. "Навбаҳор"ни аввалги мавқеини тиклашга барчамиз бел боғлаганмиз. Ўз навбатида мухлисларимиз "Навбаҳор"га ишонишларини ва доимгидек ажойиб тарзда қўллаб-кувватлаб туришларини сўраб қолардим. Футбол албатта мухлислар учун ўйналади. Ҳар бир учрашувда ишқибозларимизни ҳушнуд этишни истаймиз.
Обид РУСТАМОВ суҳбатлашди.