Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

"Нефтчи" янги футболчиларни таништирди

Баҳо:
+ | -

Фарғонанинг “Нефтчи” ПФК иккинчи давра аввалида ўз таркибига қўшиб олган янги футболчиларини оммага расман таништирди. Мазкур тадриб 2016-йил, 1 август куни Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионининг матбуот анжуманлари залида ўтказилди. Унда жамоа бош мураббийи Андрей Витальевич Фёдоров ҳамда янги футболчилар Акмал Холматов, Сардор Раҳмонов, Фурқат Ҳасанбоев, Никита Павленко, Абдужамол Исроилов шунингдек ОАВ вакиллари ҳамда бир қатор жамоа ишқибозлари иштирок этишди.

Анжуманнинг илк қисмида жамоа устози Андрей Фёдоров “Нефтчи”нинг иккинчи даврага бўлган тайёргарлик жараёни ҳамда янги футболчилар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Андрей Фёдоров: Хабарингиз бор, иккинчи даврага тайёргарликни Дукентда олиб бордик. Айтиш керакки, сўнгги йиллардаги энг яхши йиғинимизни ўтказдик. Ажойиб ташкилотчиликка эга бўлган Дукент йиғини учун “Нефтчи” клуби раҳбариятига раҳмат айтаман. Бош мураббий сифатида йиғиндан кўнглим тўлди. Йигитлар Дукентда хар тарафлама иккинчи даврага зўр бериб тайёрланишди. Шундан сўнг Тошкент шаҳрида 2 та ўртоқлик ўйинлари “Бухоро” ҳамда “Пахтакор” жамоаларига қарши бўлиб ўтди. Бу икки фойдали баҳс орқали тайёргарлик қай даражада фойдали бўлганини синаб олдик. Яхши биласиз, йилда асосан икки марта селекция ишлари устида жиддий шуғулланамиз. Бироқ хар қандай мураббий селекция ишларидан 100 % кўнгли тўлишиш қийин бўлади. Биз ҳам имкон даражасида жамоани иккинчи давра аввалида кучайтиришга ҳаракат қилдик.

Акмал Холматов ҳамда Сардор Раҳмоновлар ортда қайтаришга муваффақ бўлдик. Мен бу йигитларни янги ўйинчи сифатида қабул қилмайман. Уларнинг имкониятларини жуда яхши биламан. Шунингдек Никита Павленко ҳамда Фурқат Ҳасанбоев каби ўйинчиларни ҳам таркибга жалб қилдик. Яна бир ёш футболчи Абдужамол Исроилов биринчи даврадан бери биз билан бирга эди. Давралар оралиғида уни ҳам қайдномага киритдик ва навбатдаги баҳсларда жамоамиз шарафини ҳимоя қилиши мумкин бўлади. “Нефтчи”да турли ёшдаги футболчилар жам бўлишган. Биз мунтазам равишда ёшлар жамоамиздаги йигитларга ҳам асосий таркиб ўйинларида имконият бериб боряпмиз. Эртани ҳам ўйлашимиз керак. Жамоа хар тарафлама мустаҳкам ва ривожланган бўлишини истайман. Яхши ниятлар билан иккинчи даврани қарши оляпмиз. Албатта ўз режаларимиз содиқ қоламиз ва хар бир ўйинда мухлисларни хурсанд қилишга киришамиз.

Шунингдек, футболчилар ҳам жамоадаги янги мақсад ва режалари билан ўртоқлашди.

Никита Павленко: “Нефтчи”га ёрдам бериш ва тажриба ортириш учун Фарғонага келдим. Клубда намуна бўлишга арзигулик футболчилар жуда кўплаб топилади. Акмал Холматдек футболчидан кўп нарса ўрганиш ниятидаман. Мураббийимиз бизга бир иборани кўп айтиб келади: “Майдонда ғалаба қозонишга бўлган кучли истакнинг ўзи ҳам катта натижа ҳисобланади” Шундай экан, беллашувларда бор имкониятни ишга солиб натижа учун ўйнамиз.

Фурқат Ҳасанбоев: Ўзим асли Фарғона вилоятиданман. Бувайда туманидан туғилиб, катта бўлганман. Қўқондаги фаолиятим орқали фарғоналик мухлислар қандай эканлигини жуда яхши биламан. Ўта талабчан мухлислар деб айтиш мумкин. “Нефтчи”га ёрдам бериш учун келдим. Қўлимдан келган барча имкониятларни ишга солиб, жамоа равнақи йўлида меҳнат қиламан. Мақсадим мураббийлар ишончини оқлаш ва мухлисларни хурсанд этишдир.

Сардор Раҳмонов: Фарғона менинг иккинчи уйимга айланиб қолган. Қайтганимдан хурсандман. Бу ерлик мухлисларни жуда яхши биламан. Жамоанинг аввалги шонли натижаларини яна такрорлашга ҳаракат қиламиз. Футбол мухлислар учун ўйналади. Биз эса мазкур ўйинда ғалаба қозониб уларни хушнут этишимиз керак. Албатта иккинчи даврада яхши натижалар қайд этишга ҳаракат қиламиз.

Абдужамол Исроилов: Жамоада жуда кўп тажрибали ўйинчилар фаолият олиб боришмоқда. Мақсадим улардан кўп нарса ўрганиш ва жамоада ўз ўрниимга эга бўлишдир. Жамоада яхши ниятлар билан фаолият бошладим.

Акмал Холматов: Мен узоқ йиллик фаолиятим давомида кўплаб жамоаларда ўйнадим. Айтиш керакки, “Нефтчи”да жуда кўплаб иқтидорли ва меҳнаткаш ўйинчилар жам бўлишган. Улардек йигитларни бошқа жойда кўрмадим. Ҳозир баланд-парвоз гапларни айтиш ниятим йўқ. Лекин биз фақат мухлислар учун ўйнамиз ва ғалаба учун ҳамиша курашамиз деб дангал айта оламан.

Расмий тадбирнинг сўнгги қисмида жамоа аъзолари иккинчи даврада қайси рақамлардаги футбол либосларида ўйнашларини оммага тақдим этишди.

Манба: fcneftchi.uz
Киритилди: 13:00, 02.08.2016.
Ўқилди: 5832 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.