Яқинлашиб келаётган Жаҳон Чемпионатида Парагвай футзал терма жамоаси «C» гуруҳида иштирок этади. Бу зонадан Италия, Вьетнам, Гватемала каби термалар жой олган.
Жанубий Америка қитъаси термалари 3 та йўлланма учун кураш олиб борди. Мезбон Колумбиянинг турнирда иштирок этиши олдиндан маълум бўлса, қитъа чемпионатининг дастлабки уч ўрнида қайд этилганлар унинг қаторига қўшилиши керак эди.
Колумбияга йўлЖанубий Америка терма жамоаларининг Жаҳон Чемпионатига боришини аниқлаб бериш масаласи Парагвайга ишониб топширилганди. Бундай пайтда табиийки, мезбонларнинг имконияти кескин ошди ва Парагвай терма жамоаси Колумбияга бориши мумкин бўлганлар ичида фаворитга айланди.
Биринчи ўйинда Перу билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган Парагвайнинг кучига шубҳа билан қараш бошланди. Венесуэла 6:2 ҳисобида ортда қолдирилгач, жамоа мухлисларига умид қайтди. Сўнгги тур Бразилиядан мағлубият қабул қилиб олинди — 0:1.
Чорак финалда Эквадор терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этган Парагвай учун мундиалга бир қадам қолганди. Ярим финалдаги ғалаба терма жамоани тўғридан-тўғри Колумбия мундиали сари етакларди. Бироқ бу босқичда Аргентина довонидан ўтиб бўлмади ва эндиликда Парагвай 3-ўрин учун беллашувни ўз фойдасига ҳал қилишига тўғри келиб қолди.
3-ўрин учун беллашувни парагвайлик футзалчилар узоқ эслаб юришади. Уругвайга қарши кечган беллашувда бор кучи билан ҳаракат қилган мезбонлар 7:2 ҳисобида муваффақият қозониб, Жаҳон Чемпионати чиптасини ютиб олишди.
Жамоа ҳақидаПарагвай терма жамоаси бош мураббийи Карлос Чилаверт ўзи истагандек жамоага асос сола олди. Жаҳон Кубогининг бир эмас, уч карра финалчиси бўлган мутахассис тартибли, интизомли ва жанговор таркибни вужудга келтирди.
Ушбу мураббий кўрсатмалари асосида ҳаракат қиладиган ва учта мундиални кўрган Фабио Алкарас ҳамда Рене Виялба каби футзалчилар Таиландда бўлиб ўтган 2012 йилги мундиалда ажойиб ўйинлар намойиш қилишганди.
Хуан Салас, Ричард Рехала каби ёш футзалчилар юқорида номи келтирган тажрибали футзалчиларни янада тўлдириш учун меҳнат қилади. Парагвай терма жамоасининг энг яхши хислати сифатида жамоадаги метин характерни кўрсатиш ўринли. Бу нарса саралаш ўйинларида бир неча бор намоён бўлганди.
Мундиаллар тарихиКолумбиядаги Жаҳон Чемпионати Парагвай терма жамоаси учун кетма-кет тўртинчи мундиал ҳисобланади. Умумий ҳисобда эса терма жамоа жаҳон аренасида олти бор иштирок этган. Жанубий Америка мамлакатлари таснифида олиб қараганда бу Бразилия ва Аргентинадан кейинги энг яхши кўрсаткичдир.
Парагвай терма жамоаси 1996 йил Испаниядаги, 2000 йил эса Гватемаладаги Жаҳон Чемпионатида иштирок эта олмади. Мундиалдаги энг яхши натижасини бу мамлакат 1989 йил Голландияда бўлиб ўтган футзал бўйича биринчи мундиалда қайд этган. Ўшанда жамоа 6-ўринни эгаллашга муваффақ бўлганди. Таиланддаги сўнгги мундиалда улар Португалия терма жамоасидан енгилиб, 12-ўрин билан кифояланишга мажбур бўлишган.