Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Ўзгарган Шева

Баҳо:
+ | -

Негадир Бекҳэмга ҳавасим келиб кетди. Ақлли бола - майдондаги йиллаб тўплаган обрўини майдон четида ўйинни кузатибгина бир лаҳзада тўкиб юбормаслик чорасини топа олди. Агар шу масалада хотинининг гапига кирган бўлса ҳам, танқид қилмайман. Ундан кўра, хотинлар нима дейишяпти - шундан гапиринг, шундан!!!

Зайниддин Зидан кастюм-шим кийиб, мураббийлар ўриндиғида ўтиришини, вақти келганда, сапчиб туриб футболчиларга кўрсатмалар беришини ҳалигача ҳазм қила олмаётган пайтим Украинадан ҳам қулоққа ёқимсиз хабар келиб қолди: Андрей Шевченко мамлакат терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланибди. Ваҳ!

"Мураббий бўлиш учун одамга ақл керак. Омад деганлари ўша ақлнинг ортидан эргашади, холос!" Моуриньо бу сўзларни биров билан тортишиб туриб айтмаган. Ўз соҳаси ҳақида сўзлаётган чоғи, аниқроғи, жудаям холис пайти гапирган. Демак, қўшса бўлади...

Тўғри-да, инсон ҳар томонлама мукаммал бўлиши мумкин эмас. Беш юзтадан биттаси ўхшаб қолган бўлса, соҳасини алмаштирган одамга ҳам ўша омадни тиркаш, камёб саналган омад туфайли ботқоқдан чиқиб кетишига "йўл очиб беришлик" - вазиятга тўғри қарай олмасликдан бошқа нарса эмас. Аслида, ақлли одам порлаган нуқтасида қолавериши керак. Бошқа соҳада ҳам шу нуқтани топиб олганлар бордир, аммо топа олмай, сарсонлик ичра адашиб-улоқиб кетганлар ўн, балки юз баробар кўпроқлигини унутмаслик лозим.

Футболчиликдан мураббийлик соҳасига ўтадиганлар олдида ҳамиша икки хил танлов туради: "Эски обрўинг билан қол ва мухлислар онгида ЗЎРлигингни бой берма! Мураббий бўлмоқчимисан, унда футболчиликда қозонган мавқеингни йўқотиб қўймайдиган даражада салоҳиятли бўл! Бошқа, ўртароқ йўлни ахтарма, чунки шу икки йўлдан бошқа тузукроқ йўлнинг ўзи йўқ".

Эрик Кантонадан, мураббийлик соҳасида бош қотирганмисиз, деб сўрашганида, француз юлдузи зўр жавоб берган: "Ўзимга ўхшаш йигитлар туғилиб қолса, ўйлаб кўрарман..." Ҳа, бу жавоб ичида гарчи ўзига нисбатан катта баҳо берилган бўлса-да, бир жиҳат эътибори билан тўғри бўлиб қолаверади - мураббийлик соҳасида чўққига чиқа олмаган одам фақат ўзидақа телба футболчилар чиқишини кутади-да, бошқа нима ҳам қилсин?!

Очиғи, Украина футболига оид хабарни ўқидиму, футболчи Шевага ҳозирданоқ ачинишга тушдим. Ўша мен билган ва ардоқлаган Шева деган футболчи сиймоси Андрей Николаевич деган чаламутахассиснинг сояси остида қолиб кетмайсайди, деган хавотир ўрмалади бирдан. Ҳа, яқин қолди, эл суйган йигит ўзи тасаввур қила олмайдиган даражадаги ҳақоратлар остида қолишига яқин қолди, деб юборди нимадир ичимда.

Андрей Шевченко бир пайтлари ўз устози бўлган Валерий Лобановскийнинг мана бу гапларини эшитмаган кўринади: "Ҳаётда мураббийликдан оғир соҳани учратмадим. Футболчиликда-ку, ҳамма нарса ўзингга боғлиқ бўлади - сен яхши ўйнасангу, жамоа ёмон ўйнаган тақдирда ҳам, сени танқид тошларига кўмиб ташламасликлари мумкин, чунки сен ўз ўйининг билан исботлаб бўлгансан зўрлигингни. Бироқ, мураббий бўлганингдан кейин, ўзинг иштирок эта олмаган ва майдонда бошқалар томонидан амалга оширилган ишлар учун жавоб беришни бошлайсан. Улар айбсиз қолиб, фақат сени айблашлари ундан ҳам ачинарли. Мураббийликнинг бошидан охиригача бўлган йўлагини заҳмат ва баъзан адолатсизлик эгаллаб олган, яхши футболчиларга маслаҳатим - бу соҳага кўп ҳам интилаверманглар, футболни четдан кузатиб туриш майдонда тўп тепишдан буткул фарқ қилади!"

Сиёсий оламда-да омади чопмаган украиналик юлдуз ўз соддалигига борди. Терма жамоага халоскор лозим бўлган чоғда, жиддий тажрибага эга бўлмай туриб, шу ишга рози бўлиб юборди. Европа чемпионатидан битта гол ҳам ура олмай қайтган юрт футболини бир ўзи елкасида кўтармоқчи бўляпти, тавба! Футболчиликда орттирган номи билан ҳеч қандай иш қилиб бўлмайдиган, фақат ақлий салоҳияти ҳисобига яшаб қолиши мумкин бўлган соҳага қўл уриб қўйганини билармикан-а?!

Миллат бу паллаларда умуман Шевченкони кутмаётган эди. Чет элдан таниқлироқ бир мураббий ёки ҳеч қурса, терма жамоага бир пайтлари жалб этилган, 4та ўйиндан 3тасида ғалаба қозонган ва биттасида голландлар билан дуранг қайд этган - ўша пайтда Нидерландия вице-чемпион тариқасида ҳаракат қилганини унутманг - ва бугунги кунда "Днепр"ни бир чиройли жамоа қилиб қўйган Мирон Маркевич деган инсон келади, деб ўйлаган эди ҳамма. Бироқ, дабдурустдан шу қарор...

Шевченконинг ҳозирги расмларига қараб ҳам, ҳали нигоҳидаги "гўдаклиги" йўқолмаганини кўраман. Нутқини ҳам эшитиб кўрдим. Мураббийликка алоқадор биронта белги топа олмаганимдан, унинг бу соҳадаги келажагини тасаввур қилишдан-да ожиз қолдим. "Бир нарса қиларман, балки ўхшаб кетар..." деган фикр билан келмагандир, деб ўйладиму, аммо бошқа тузукроқ важ топа олмаганимдан, яна баттарроқ қийнала бошладим.

Битта сабаб топгандекман аммо: Украина сиёсий оламда энг биринчи душмани бўлган Россияга бормаслик учун қилган шу ишни! Ҳа, Шева табиий йўл билан терма жамоани ушбу мусобақадан олиб қолишни эплайди. Унда бу ишга барча имконият ва "салоҳият" етарли...

"Чемпион" газетасидан олинди.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 17:23, 03.08.2016.
Ўқилди: 12735 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.