Вьетнам терма жамоаси Тошкент мезбонлик қилган Осиё Чемпионатига ташриф буюраётганида, Жаҳон Чемпионати чиптаси учун курашиши керак бўлган тўрт мамлакат деб Япония, Эрон, Таиланд ва мезбонлар ҳисобланаётганди.
Юқорида номлари келтирилган мамлакатлардан ташқари Австралия, Ироқ, Қирғизистон каби тенг кучли жамоалар ҳам бор эди. Бироқ шундай номлар ичидан вьетнамликлар ёриб чиқа олишди.
Колумбияга йўлВьетнам терма жамоасининг Жаҳон Чемпионатига қадар етиб келиши фантастикадан бошқа нарса эмас. Ҳақиқатда эса шундай бўлиб чиқди.
Ўзбекистон мезбонлик қиладиган Осиё Чемпионатлари ўзининг ноанъанавий томонлари билан ажралиб туради. Масалан 2006 йил Тошкентдаги қитъа чемпионатида Эрон гегемонлигига чек қўйилганди. Орадан 10 йил ўтиб эса Вьетнамнинг мундиал чиптасига эга чиқиши кўпчиликни хайрон қолдирди.
Ҳаммаси «C» гуруҳидаги юришдан бошланди. Биринчи ўйинда Хитой Тайпейи терма жамоаси 5:4 ҳисоби билан мағлуб этилди. Иккинчи ўйинда эса тожикистонлик футзалчилар тор-мор келтирилди — 8:1. Бу ғалабалар Вьетнамни гуруҳдан олиб чиқиб бўлганди. 3-турда эса қитъанинг энг кучли термаларидан бири бўлмиш Таиланд довонидан ўтиб бўлмади — 1:3.
Чорак финални Вьетнам термаси аъзолари ҳеч қачон унутишмайди. Япониянинг осон ғалабаси таҳмин қилинган ўйин 4:4 ҳисоби билан якунига етди. Шунинг ўзиёқ фантастика эди. Қўшимча дақиқаларда ҳам кунчиқар юрт футзалчилари вазиятни ўнглай олмади. Пенальтилар сериясида омад Вьетнамга кулиб боқди — 2:1. Жамоа Жаҳон Чемпионатида.
Ярим финал беллашуви Вьетнамнинг ҳақиқий савиясини кўрсатди дея олмаймиз, чунки рақиб Эрон эди — 1:13. 3-ўрин учун беллашувга ҳам вьетнамликлар жиддий эътиборда бўлишмади, улар мундиал эйфорияси билан юришганди — Вьетнам — Таиланд 0:8.
Жамоа ҳақидаВьетнам терма жамоасининг Тошкентдаги муваффақиятида жамоа футболчилари ўртасидаги ўзаро тушунувчанлик ётибди дейиш мумкин. Жамоанинг 11 аъзоси, яъни, учдан икки қисми Вьетнамнинг тўрт карра чемпиони ҳисобланган «Thai Son Nam» сафида тўп суради. Табиийки, бир неча йилдан буён бирга ҳаракат қиладиган йигитлар бир-бирини яхши тушунади.
Қизиқ томони, испаниялик бош мураббий Гарсия ҳам ўша клуб мураббийи ҳисобланади. У ҳам Вьетнам чемпионатида фаол, бир вақтнинг ўзида эса терма жамоани ҳам шакллантиради. Битта ўқ билан иккита қуённи уришга ўхшаш ҳолат. Вьетнам терма жамоасини шакллантириш учун «Thai Son Nam» клуби база сифатида танлаб олингандек.
Тран Ван Ву жамоанинг тўпурар футболчиси ҳисобланади. Унинг ҳаракатлари Осиё Чемпионатида ўз самарасини берди. Япония дарвозасига иккита гол урганиёқ қандай даражадаги футзалчи эканини кўрсатиши мумкин. Шунингдек, Ветнам чемпионининг клублар ўртасидаги Осиё Чемпионатида 3-ўринни қўлга киритишида ҳам бу футболчи беназир бўлганди.
Вьетнам терма жамоасининг мундиалдаги иштироклари ҳақида ёзиш шарт эмас. Чунки улар Ўзбекистон сингари Жаҳон Чемпионатида илк бор иштирок этмоқда.