“Насаф” - “Олмалиқ” учрашувидан сўнг ўйин якуналарига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманининг дастлабки қисмида “Олмалиқ” жамоси бош мураббийи Игорь Шквирин қатнашди.
-Ўйин ҳақида агар қисқача қилиб айтсам, “Насаф” бугун ҳақли равишда ғалаба қозонди. Давралар оралиғида “Насаф”да ҳам, бизнинг таркибимизда ҳам кўплаб ўзгаришлар амалга оширилди. Бирдан таркибга қўшилган янги ўйинчилар ҳақида хулоса қилиш ноўрин. Чунки янги ўйинчиларнинг ҳаракатига баҳо бериш учун вақт талаб этилади. Умуман “Насаф” жамоасининг таркибига келиб қўшилган легионерлар бугун яхши ҳаракат қилишди, кўриниб турибди сербиялик ҳужумчи бўйдор экан, у боши билан ҳам яхши ўйнаши мумкин. Красич ҳам бугун яхши ҳаракат қилди. Умуман ўйинчиларнинг бир-бирларини тушуниб кетишларига ва ўз ўйинини тўлиқ намойиш этишига вақт керак бўлади.
Бугунги ўйиннинг иккинчи бўлимида таркибимизни кучайтирадиган ўйинчи қолмади, кўрдиларингиз биринчи бўлимни ўзидаёқ учта ўйинчи алмаштиришга мажбур бўлдик. Майдонда ҳаракат қилган ўйинчиларимизда баъзи вазиятларда омад етишмаган бўлса, баъзида тажрибасизлик қилишди.