Ёшлар лигаси 17-тури доирасида “Бунёдкор” ўринбосарлари “Сўғдиёна” вакилларини йирик ҳисобда мағлубиятга учратишди.
Очиғини айтганда, шу куни иккала жамоа таркибида ҳам бир мунча номдор футболчилар тўп тепишди. Масалан, Достонбек Ҳамдамов ва Мурод Холмуҳаммедов сингари футболчилари сарик карточкалари сони тўрттаданга етганлиги боис олий лига доирасидаги ўзаро ўйинни ўтказиб юборишарди. Шу боисдан ҳам бу икки футболчи ёшлар таркиблари сафида ўйинда тўлиқ иштирок этишди. “Бунёдкор” ёшларининг бир нечта вакиллари Жасур Абдураимов бошчилигидаги Ўзбекистон U-19 ёшлар терма жамоасига жалб этилишгани боис, улар ўрнини асосий таркибга номзод бўлган бошқа футболчилар тўлдиришди.
Бевосита учрашувга тўхталадиган бўлсак, ўйиндаги яққол устунлик “Бунёдкор” футболчилари томонида бўлди. Рақиб дарвозаси олдида юзага келтирилган қатор хавфли вазиятлар 35-дақиқада пенальти билан якунланди. 11 метрлик нуқтадан Достонбек Ҳамдамов аниқ зарба бериб, ҳисобни очди. Биринчи бўлимда бошқа гол киритилмади.
Танаффусдан кейин “Бунёдкор” ёшларининг ҳужумлари янада кескинлашди. Натижада 54-дақиқада Достонбек Ҳамдамов ташкил этилган чиройли комбинацияни гол билан якунлади. Шундан кейин иккинчи бўлим ўрталарида жиззахликлар дарвозаси яна икки бор ўққа тутилди. Достонбек Ҳамдамов “хет-трик” қайд этган бўлса, яна бир гол Фарруҳ Икромов ҳисобига ёзилди. 77-дақиқада “Сўғдиёна” ҳужумчиси Мўмин Мелиев пенальтидан ҳисобни қисқартирган голга муаллифлик қилди.
Шу тариқа, “Бунёдкор” ёшлари ўз ҳисобларига навбатдаги уч очкони ёздириб қўйишган ҳолда мусобақа жадвалидаги якка пешқадамликларини давом этишмоқда.
Ёшлар лигаси-2016, 17-тур
“БУНЁДКОР” – “СЎҒДИЁНА” 4:1 (1:0)
Голлар: Достонбек Ҳамдамов 35 пенальти (1:0), Достонбек Ҳамдамов 54 (2:0), Достонбек Ҳамдамов 73 (2:0), Фарруҳ Икромов 74 (4:0), Мўмин Мелиев 77 пенальти (4:1)
Огоҳлантиришлар: Жовлон Иброҳимов 70, Аббос Жумақулов 76
“Бунёдкор”: 35.Абдукарим Муҳаммедов (С), 5.Отабек Бекбоев, 9.Нуриддин Ҳасанов, 15.Давронбек Умиров, 16.Шаҳзод Абдураҳимов, 17.Достонбек Ҳамдамов, 19.Забиҳилло Ўринбоев, 27.Георгий Погосов, 40.Суҳроб Иззатов, 48.Элбек Равшанов, 77.Виктор Карпенко
Захира: 1.Элдор Адҳамов, 6.Сардор Мадраҳимов, 8.Жовлон Иброҳимов, 10.Дилшодбек Аҳмадалиев, 11.Фарруҳ Икромов, 14.Баҳодир Насимов, 22.Аббосбек Жумақулов
“Сўғдиёна”: 76.Нодиржон Ашурматов, 2.Дилмурод Исломов (С), 5.Мурод Холмуҳаммедов, 7.Азизбек Мирзаев, 8.Иззат Абдуллаев, 11.Мўмин Мелиев, 21.Дадажон Маматқулов, 22.Аслжон Орифов, 39.Бобур Қосимов, 77.Саҳоб Рашидов, 88.Шаҳбоз Жўрабеков
Захира: 12.Ширинбой Абдуллаев, 4.Жасур Ўринов, 6.Нодирбек Қўйбоқов, 9.Акмал Абдураҳмонов, 19.Шоҳрух Акбаров, 23.Суҳроб Қобилов, 94.Иброҳим Қодиров
Ҳакамлар: И.Худайдатов (Тошкент) – 8,3; Ж.Хуснитдинов – 8,4; Х.Баҳодиров – 8,4; Б.Шавкатов – 9,0
Назоратчи: О.Рубаков (Тошкент)
8 август. “Бунёдкор” футбол мактаби майдони. 47 томошабин