Наманганда “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида футбол бўйича қизлар ўртасида ўтказилган “Яшил майдон маликалари” мусобақасининг минтақавий босқичида Наманган, Фарғона, Андижон вилоятлари жамоалари ғолиблик учун баҳслашди.
Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишлаб Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда хотин-қизлар, хусусан, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишда спорт ва соғлом турмуш тарзи тамойилларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
– Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилаётган мазкур мусобақа хотин-қизларни спортга жалб этиш ва уларнинг соғлом бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Наманган вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳ.Юсупова. – Бу каби спорт тадбирлари оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, хотин-қизлар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлашнинг самарали воситаси сифатида жамият тараққиётига хизмат қилади.
Ғолибликни қўлга киритган Наманган вилояти жамоаси мусобақанинг Навоий шаҳрида ўтказиладиган мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.