Бразилияда ўтаётган олимпия ўйинлари якунига етиб бормоқда. Яна икки кунлик мусобақалардан кейин Рио-2016нинг ёпилиш маросими бўлиб ўтади. Бугунги баҳслар натижасида Ўзбекистон делегацияси ҳисоби медал(лар) билан бойийди. Бунга шубҳа йўқ.
Каноэда эшкак эшиш. Эркаклар, иккилик, 1000 метр, финал
Герасим Кочнев ва Серик Мирбековдан иборат жуфтлик бугун финал баҳсида иштирок этади. Бошланиш вақти — 17:22.
Бадиий гимнастика, жамоавий баҳслар
Самира Амирова, Валерия Давидова, Луиза Ганиева, Зарина Қурбонова ва Марта Ростобурова — ўзбекистонлик қизлар бадиий гимнастика бўйича жамоавий баҳсларда иштирок этишади. Жамоамиз финалга чиқиши учун саралаш босқичида 14та мамлакат орасида кучли саккизликка кириши лозим. Баҳслар 18:00да бошланади ва 4та йўналиш бўйича куни бўйи ўтказилади.
Таэквондо, эркаклар, +80 кг.
Дмитрий Шокин энг оғир вазн тоифасида бугун ўз баҳсларини ўтказади. У дастлабки босқичда хитойлик Сен Чиаога қарши даянга чиқади. Эслатиб ўтамиз, ҳамюртимиз ушбу вазнда энг юқори рейтингга эга. Шокиннинг илк жанги 18:45га белгиланган.
Бокс, 75 кг. финал
Маҳоратли боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев бугун олтин медаль учун рингга кўтарилади. Унинг рақиби — амалдаги жаҳон чемпиони, кубалик Арлен Лопес. Бошланиш вақти — 23:00. Финалга чиққан қолган икки боксчимиз ўз жангларини эртага ўтказишади.
Енгил атлетика, баландликка сакраш, финал
Баландликка сакраш йўналишида Светлана Радзивил финал йўлланмасини қўлга киритганидан хабарингиз бор. Ҳал қилувчи баҳсларда 17 нафар спортчи медаллар учун кураш олиб боришади. Бошланиш вақти — 04:30.