Кеча Олий лигамизда 19-тур учрашувлари якунига етди. Биз таниқли футбол мутахассиси Рауф Инилеевнинг кечаги тур ўйинлари ва бошқа мавзуларда кичик суҳбат уюштирдик.
- Якунига етган 19-тур учрашувлари ҳақида ўз фикрингизни билдириб ўтсангиз.
- Аввал ҳам айтиб ўтганимдек, осон ўйинларни ўзи йўқ. Ҳар бир учрашув қизиқарли ўтмоқда. "Металлург"-"Олмалиқ", "Навбаҳор"-"Маъшал", "Нефтчи"-"Андижон" ва "Насаф""Пахтакор" учрашувлари мухлислар истагандек шиддатли ўтди.Наманганнинг "Навбаҳор" жамоаси аста-секин ўз ўйинини топиб бораётгандек. Иккинчи даврада ўз уйидаги иккинчи учрашувда ҳам иродали ғалабага эришмоқда. "Насаф" ҳам "Пахтакор"га имкониятни бой бера туриб якунда ғалабани илиб кетди. "Нефтчи"нинг мағлубияти қайсидир маънода кутилмаган бўлди.
- Тошкентнинг "Пахтакор" жамоасининг жуда бўш ўйин кўрсатаётганини нима билан изоҳлаган бўлардингиз?
- Тўғри, "Пахтакор"да пасайиш кузатилмоқда. Амалиётдан маълумки, ҳеч бир жамоа ҳар мавсумда стабил равишда ўйин кўрсата олмайди. Бир кунмас бир кун шундай ҳолат кузатилар эди. Жорий мавсум тошкентликлар медаллардан қуруқ қолиши аниққа ўхшамоқда. Ўйлайманки, кейинги мавсумда "шерлар" яна ўз ўрнига қайтади.
Унда нега вилоят жамоалари, айниқса водий клублари мана неча йиллардан бери ўзини ўнглолмаяпти?
- Водийда футболни севишади. Уларда футбол биринчи навбатда турадиган спорт туридир. Ҳар бир жамоага бақувват хомий керак. клуб инфратузилмасини яхшилаш лозим. Маркетинг ишини йўлга қўйиш керак. Жамоалар ҳам пулни ўзлари топишини ўрганиши лозим. Фақат мутасаддиларни қўлига қараб қолмаслик керак.
- Тўғрику-я, ҳеч бўлмаса бизда ҳар бир клубни бюджетини бир хилда тақсимлашни иложиси борми? Масалан, бақувват клуб бошқа жамоаларни энг яхши ўйинчиларини бемалол олиб кетишади. Кейин бу клуб яна бошқа футболчи топиб уни ўйинини очтириб энди ҳузуруни кўраман деса яна кучли клубларга ўтиб кетиш ҳолатлари учрамоқда.
- Биласизми, клубларни бюджетини бир хилда тақсимлаш нотўғри. Чунки пешқадам клублар нафақат Ўзбекистон ичида балки хорижда ҳам Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
- Демоқчидимки, масалан "Локомотив"нинг бюджети 1000 сўм, "Обод"ники 10 сўм дейлик. Шу ҳамма клубларни бюджетини 500 сўм қилиб тенг тақсимлансин дейман. Осиё майдонларида қатнашадиган жамоаларга яхши легионер ўйинчиларни қўшиш учун яна 100 сўм қўшиб берилса, шунда пешқадам жамоалар ҳам аутсайдерлар ҳам 500 - 600 сўм бюджетга эга бўларди.
- Бу фикрингиз ҳам тўғрику, лекин энг биринчи навбатда клубларни менеджерлари молиявий ҳолатга жавоб беришади, Шу футбол раҳбарлари тўғри пулни тақсимлашса ҳаммаси рисоладагидек бўларди.
Обид РУСТАМОВ суҳбатлашди.