Қўқон шаҳридан 10 кмча ғарбда жойлашган Шойимбек қишлоғини топиб бориш қийин бўлмади. Бектемирнинг қишлоғи Фурқат туманига қарайди. Қўқон-Бешариқ йўлининг четида жойлашган чемпионнинг ҳовлисига кириб борганимизда қош қораяётган эди. Бизни Бектемирнинг акаси қарши олди. Спортчи эканлиги қўл сиқишидан маълум.
Хонадон гавжум. Ака-укалару қариндош-уруғлар айвон четида ўтирганча қаршисидаги катта экранда жанг лавҳаларини томоша қиларди. Ҳовлининг ўртасига чиройли дастурхон тузалган.
Сиз жанговар спорт тури билан шуғулланувчиларнинг онасига осон деб ўйлайсизми? Фарзандига келиб тушаётган зарбаларни томоша қилиш ота-она учун қувончли эмас, ҳар ҳолда. Биз Бектемирнинг отаси Рўзматжон ака бандлиги туфайли онаси Наврўза опани суҳбатга тортдик. Наврўза опа мухбирлар билан сўзлашавериб пишиб кетганга ўхшайди. Бектемирнинг ёшлиги, спортга бўлган қизиқиши, ҳаттоки, ўзидан катталарни йиғлатганлари ҳақида сўзлаётиб, жанг лаҳзаларида “шундай ҳаяжонланаманки, тасаввур қилиш қийин”, деб қўшимча қилди.
Бектемир Мелиқўзиевнинг онаси билан суҳбат
https://www.facebook.com/Sof.uzbek/videos/553498538190807/
Мактабда директор ўринбосари бўлиб ишлайдиган Рўзматжон ака билан суҳбатлашдик. Шунингдек, Бектемирнинг амакиси оилавий спортчилар сулоласи ҳақида ҳикоя қилди. Маълум бўлишича, амакиваччаларнинг орасидан футбол ва бокс билан шуғулланмайдиганини топиш қийин экан. “Бектемир бокс билан астойдил шуғулланган. Мусобақаларда рақибларини уриб йиқитаверарди”, дейди у киши.
Бектемир 1996 йилда туғилган. Қишлоғидаги 20-мактабни тамомлаб Қўқон шаҳридаги педагогика билим юртида таҳсилни давом эттирди. Ҳозир эса Қўқон Давлат педагогика институтининг жисмоний тарбия факултетида ўқийди.
Спортчининг устози, бокс бўйича мураббий Маъруфжон ака унинг тиришқоқлиги ва боксга нисбатан фавқулодда истеъдоди ҳақида сўзлаб берди.
Айни вақтда хонадон аҳли соат 23:00даги бокс бўйича финални кутмоқда. Ўзбекистон аҳли ҳам. Биз ушбу жангда Бектемир Мелиқўзиевга омад ёр бўлишини тилаймиз.
Фотосуратлар муаллифи таниқли блогер Исроил Тиллабоевга sof.uz ўз миннатдорчилигини билдиради