16 ёшгача бўлган футболчи қизлардан ташкил топган Ўзбекистон терма жамоаси бугун тунда Осиё чемпионати саралаш босқичини ўтказиш учун Вьетнамга жўнаб кетади.
2017 йил Хитойда бўлиб ўтадиган ўсмир қизлар ўртасидаги футбол бўйича Осиё чемпионати саралаш босқичида Ўзбекистон “D” гуруҳидан ўрин олган. Ушбу гуруҳда Ўзбекистоннинг рақиблари – Австралия, Вьетнам, Гонконг, Фаластин ҳамда Ироқ жамоалари бўлади.
Саралашда умумий, 22 жамоа қатнашмоқда. “А” ва “В” гуруҳларида 5тадан жамоа бўлса, “С” ҳамда “D” гуруҳларида 6тадан жамоа жойлашган. Ҳар бир гуруҳдан фақат биринчи ўринни қўлга киритган жамоа финал босқичига йўл олади.
Шимолий Корея, Япония, Хитой ҳамда Таиланд жамоалари 2015 йилда Хитойда бўлиб ўтган қитъа биринчилигида энг юқори ўринларни қўлга киритгани учун ушбу чемпионатда тўғридан тўғри финал босқичида иштирок этади. Шу тариқа, Хитойда бўладиган ўсмир қизлар ўртасидаги футбол бўйича Осиё чемпионатида 8 жамоа қатнашади.
Таиланд тўғридан-тўғри йўлланмага эга бўлишига қарамай, финал босқичига тайёргарлик кўриш мақсадида саралаш босқичида иштирок этишга қарор қилган. Агар Таиланд ўзи иштирок этаётган “А” гуруҳида биринчи ўринни эгалласа, у ҳолда гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритган жамоа финал босқичига йўл олади.
Ўсмир қизлар ўртасидаги Осиё чемпионати финал босқичи ўтказилиш саналари ҳали маълум қилинмаган.