Олий лига ўн тўққизинчи туридан ўрин олган “Қизилқум” — “Обод” учрашуви (4:1) якунлангач, матбуот анжумани иккинчи қисмида Ҳамиджон Актамов қатнашди.
— “Обод” — олий лига дебютанти бўлса-да, кучлиларга қанчалик муаммолар туғдираётганлигини барча кўриб, билиб турибди, — дея сўз бошлади Ҳамиджон Ғуломович. — Учрашувдан аввал рақибимиз ўйинлари тасвирга олинган дискларни кўриб, ўрганишга ҳаракат қилгандик. Бугун ғалаба учун майдонга чиққан бўлсак-да, якунда ҳисоб йирик кўриниш олишини тасаввур қилмагандик. Йигитларга ва бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларга катта раҳмат! Жамоамиз бугун ўзининг чиройли ўйинларидан бирини кўрсата олди. Турдан турга ўйинимизни кучайтиришга ҳаракат қиламиз.
Эркин Бойдуллаевнинг майдондан четлатилиши ҳам биз учун кутилмаган ҳол бўлди. Кетма-кет голлар ўтказгач, рақибимиз бор эътиборини ҳужумга қаратди. Хавфни бартараф этиш учун жамоа сардори ўзини аямади ва бироз қизиққонлиги эвазига икки бор сариқ карточка билан жазоланди. Нима ҳам дердик, бу ҳам футболнинг бир бўлаги саналади.
Энди жамоа аъзоларига икки кунлик таътил берилади. Сўнгра яна қароргоҳимизда йиғиламиз. Хабарингиз бор, миллий терма жамоа йиғини муносабати билан 26 августда бўладиган “Пахтакор” — “Қизилқум” учрашуви бошқа муддатга кўчирилади. Аммо мухлисларимиз зерикиб қолишмайди. ЎФФ Терма жамоалар маркази билан келишган ҳолда 26 август куни Навоийда Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини уюштирамиз. Буни мухлисларимиз мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллик тўйига жамоамиздан совға сифатида қабул қилишларини сўрардим. Сўнгра, Навоийда байрамдан кейин Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси билан ҳам назорат учрашуви ўтказишни режалаштирганмиз.