Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида тажрибали спортчимиз Руслан Нурудинов олтин медални қўлга киритиш билан бирга, Олимпия ўйинлари рекордини ҳам янгилаб, ўзбек оғир атлетика мактабининг бугунги салоҳияти нақадар юксак эканини дунё аҳлига яққол намоён қилди.
Оғир атлетика бўйича вазни 105 килограммгача бўлган атлетлар ўртасида Руслан полвон штангани даст кўтаришда 194, силтаб кўтаришда 237, иккикураш якунига кўра, 431 килограмм натижа қайд этиб, Олимпия ўйинлари ғолиби бўлди. У силтаб кўтаришда кўрсатган натижаси билан бундан саккиз йил аввал беларуслик Андрей Арямнов Пекин Олимпиадасида ўрнатган рекорд (236 килограмм)ни пучга чиқариб, янги рекордчи сифатида жаҳон спорти тарихидан муносиб жой олди.
— Бугун жаҳон ареналарида эришаётган ҳар бир ғалабамиз мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида спортни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самараларидир, — дейди Руслан. — Турли халқаро мусобақаларда бош¬қа давлат спортчилари билан кўп суҳбатлашаман. Шундан келиб чиқиб айтсам, болалар спортини ривожлантиришга дунёда Ўзбекистончалик эътибор қаратаётган мамлакатни учратиш қийин. Мамлакатимизда болалар спорти ривожига қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликдан асосий мақсад — ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказишдир. Бунинг натижасини бугун Ўзбекистон ёшлари эришаётган халқаро муваффақиятларда, жисмонан ва маънавий баркамол фарзандлар тимсолида ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Ўзбек оғир атлетика мактаби дунё¬да етакчилар қаторидан жой олганини бугун халқаро спорт ҳамжамияти вакиллари ҳам эътироф этмоқда. Атлетларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда мунтазам совринларни қўлга киритмоқда. Спортимизнинг эртаси бўлган ана шу иқтидорли йигит-қизлар бугун ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон ҳамда қитъа биринчиликларида ғолиб бўлаётгани миллий спортимизнинг янада юксак ютуқлари ҳали олдинда эканига умид ва ишонч бағишлайди. Бу, шубҳасиз, давлатимиз томонидан спортни ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, халқаро спорт ареналарида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчи қилиб тарбиялашга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.
Тўмарис Аъзам,
“Milliy tiklanish” мухбири