Спорт — тинчлик, ҳамжиҳатлик элчиси. У одамлар қалбида ватанпарварлик ҳиссини жўш урдиради, ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялайди. Истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун кенг шароит ва имкониятлар яратилди.
Бунинг юксак самаралари Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида юртимиз спортчилари эришган улкан натижалар мисолида яққол ўз исботини топди. Ўзбекистон спортчилари 13 медаль жамғариб, жаҳонда 21-ўринни, Осиёда тўртинчи, МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари орасида иккинчи, Марказий Осиёда эса биринчи ўринни эгаллади. Бундай улкан натижа юртимиз ҳаётида муҳим тарихий воқеага айланди.
Бу ғалаба нашидаси ҳар бир ватандошимизни тўлқинлантирди, қалбига фахр-ифтихор бағишлади. Президентимизнинг “Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари ғолибларини пул мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисида”ги фармойиши ҳамда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони асосида спортчиларимизнинг қатор давлат мукофотлари билан тақдирлангани қувончимизга янада қувонч улашди.
Истиқлол ўғил-қизларнинг юксак парвози учун мустаҳкам қанот бўлаётир. Рио Олимпиадасида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимизнинг аксарияти 20-25 ёшда. Улар мустақиллик йилларида туғилиб вояга етган, истиқлол инъом этган имкониятлар, шарт-шароитлар асосида таълим олиб, спорт билан шуғулланиб, ана шундай юксак натижаларни қўлга киритмоқда. Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди сингари буюк аждодларимиз, кураги ерга тегмаган Паҳлавон Маҳмуддек полвонларга муносиб ворис эканликларини, ўзбек ўғлонига хос мард, жасур ва шижоатини яққол намоён қилдилар.
Айниқса, боксчиларимиз 3 олтин, 2 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритиб, Куба, АЈШ, Буюк Британия ва Россия каби бокс ривожланган давлат спортчиларини ортда қолдириб, дунёда биринчи ўринни эгаллади.
Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси қайд этган натижалар “ким эдигу ким бўлдик”, деган саволга ёрқин ҳаётий жавобдир. Ҳақиқатан ҳам истиқлол йилларида спортга берилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар спортчи йигит-қизларимизнинг жаҳон майдонларида байроғимизни баланд кўтаришига, мадҳиямизнинг баралла янграшига замин бўлаётир. Анъанавий ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт тизими — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари ёшларни спортга кенг жалб этиш, профессионал спортчиларни тарбиялашда алоҳида ўрин тутмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан дунё миқёсида кузатилмаган мутлақо янги тизим — Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг тузилгани бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш, янги босқичга кўтариш ва изчил давом эттиришда муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси жисмонан соғлом ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш, болалар ва ёшларнинг кенг кўламда спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ёшларни уч босқичли тизимдаги оммавий спортга кенг жалб этишни янада ривожлантиришга, мактаб ўқувчиларининг халқаро мусобақаларда иштирок этишига кўмаклашишни мақсад қилган. ЎзМТДП ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларимиз ушбу мақсад-вазифалардан келиб чиққан ҳолда спортни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этади. Ўзбекистон спорт оламида янги саҳифа очган олимпиадачиларимизнинг эришган ютуқ ва натижаларини, спортнинг аҳамиятини, юртимиз фарзандларининг дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигини ёш авлод ўртасида янада кенг тарғиб-ташвиқ қилади.
Шерзод Раҳимов,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси