ЖЧ-2018 саралашининг 3-босқичи доирасида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари ўртасидаги 3-тур ўйинига ҳакамлар тайинланди. 6 октябрь куни Тошкентда бўладиган ўйин австралиялик Бенжамин Уильямс бошчилигидаги ҳакамларга ишониб топширилди.
Ушбу хабарни Эрон терма жамоасига бағишланган веб-сайт қайғу билан қабул қилди.
"Ёмон хабар. ЖЧ-2018 саралашининг 3-босқичи доирасида бўладиган Ўзбекистон-Эрон учрашувига Бенжамин Уильямс тайинланди. Учрашув 6 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтади.
Осиё кубоги-2015 чорак финалида бўлиб ўтган Ироқ қарши баҳсда биринчи бўлим тугаши арафасида Уильямс бизнинг футболчимиз — Меҳрдод Пўлодийга иккинчи сариқ карточка бериб, уни майдондан четлатган. Ўшанда Пўлодий Ироқ посбони билан енгил тўқнашган. Посбон ёлғондан ўзини жароҳат олгандек ва кучли оғриқ ҳис қилаётгандек кўрсатган. Аввалроқ Бенжамин Пўлодийга симуляция учун сариқ карточка кўрсатганди. Бу ҳолат унинг эсидан чиқиб, югуриб кетаётганида бирданига ортга қайтганди ва Меҳрдодга қизил карточка кўрсатганди.
Уильямс Осиё кубоги-2015даги шубҳали қарорлари туфайли мутахассисларнинг танқидига учраганди. Ҳаттоки бир неча нафар австралиялик футболчилар ҳам уни танқид остига олишганди. Эронликлар ҳам уни кечиришмади. Унинг Фейсбукдаги саҳифасига ёғдирилган фикрлардан кейин у ўз саҳифасини ўчириб ташлаганди.
Эрон терма жамоаси бош мураббийи Карлос Кейруш Хитойга қарши бўлиб ўтган ўйиндан қайтиб келганидан кейин Ўзбекистон билан ўйинга Уильямснинг тайинланганини билганидан кейин ОФКни танқид остига олди.
"Ушбу ҳакам Эрон клубларининг Осиё чемпионлар лигаси доирасида уй учрашувларини бошқаришдан бош тортганди. Бу тушунарли. Осиё кубогидаги қарорлари туфайли эронликлар уни ёмон кўриб қолишган. Шунга қарамай, у Эрон терма жамоаси иштирокидаги ўйинга тайинланди, лекин сафардаги ўйинга. Агар у ҳалол ҳакам бўлганида, ҳар қандай ўйинни бошқаришдан бош тортмаган бўларди. Аммо у Эронда бўладиган ўйинларни бошқаришдан бош тортиб, бошқа мамлакатга боришга рози бўлмоқда. У Ўзбекистон - Эрон ўйинини ҳам бошқаришдан бош тортиши керак эди, худди ОЧЛда бўлгани каби", - деди Кейруш.
Осиё кубоги мусобақасидан кейин Бенжамин Уильямс ОФКда ўз обрўсини йўқотди. У ЖЧ-2018 саралаши доирасида фақат битта ўйинни (Таиланд-Вьетнам) бошқарди.
Натижада Эроннинг катта қисмида, жумладан қўшимча бўлимларда ҳам бир киши кам бўлиб ўйнашга мажбур бўлганди", - дея материал эълон қилди веб-сайт.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон - Эрон учрашуви 6 октябрь куни "Бунёдкор" стадионида соат 18:00да бошланади.