Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) президенти Томас Бах қўмитага аъзо бўлган 97 ташкилотга хат йўллаб, аксилдопинг тизимини ислоҳ қилиш жараёнига ўз ҳиссасини қўшишга чақирди. Бу ҳақда, Inside the Games порталига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Шу йилнинг 8 октябрь куни Швейцариянинг Лозанна шаҳрида ХОҚнинг саммити ўтказилиб, унда аксилдопинг тизимини қайта ташкил этиш масалалари муҳокама қилинади.
«Саммитда аксилдопинг тизимини спорт ташкилотларидан мустақил қилиш масаласи муҳокама этиладиган масалалардан бири бўлади. Шу сабабли барчангиздан ўз фикрингиз билан ўртоқлашишингизни сўрайман. Барча ишлар спортда допинг масаласи бўйича 2017 йили навбатдан ташқари ўтказиладиган Халқаро конференцияда ишончлироқ, самаралироқ, шаффоф ва келишилган аксилдопинг тизимининг қабул қилинишига олиб келиши керак», – дейилади Томас Бах йўллаган хатда.
Шунингдек, ХОҚ президенти Ричард Макларен ҳисоботи ва бошқа ҳодисалар муносабати билан Халқаро аксилдопинг агентлигининг (WADA) ишлаш тизимини қайта кўриб чиқиш зарур эканини таъкидлади.