Истеъдодли профессионал боксчимиз Санжарбек Раҳмонов мағлубиятсиз жанглари сонини яна биттага оширди.
АҚШнинг Лас-Вегас шаҳридаги "Cosmopolitan of Las Vegas" мажмуасида ташкил этилган профессионал бокс кечасида ўзбек боксчиси америкалик чарм қўлқоп устаси Маркуис Хоуторн билан куч синашди.
Олти раунд давом этган учрашувда Санжарбек Раҳмонов катта устунлик билан рақибини мағлубиятга учратиб, бешинчи ғалабасини нишонлади.
Санжарбек Раҳмонов ҳаваскорлар боксида ўзбекистонлик таниқли боксчи ва мураббий Зиятдинбек Тойгонбоев қўл остида шуғулланган ва Осиё чемпиони (2009) ҳамда Ўзбекистон чемпиони (2013) бўлган. 2015 йилдан профессионал боксга ўтди ва жанларни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтказиб келмоқда.
Санжарбек Раҳмонов фаолияти давомида америкалик Бретт Симонс, Мартин Сомнер, пуэрто-риколик Хосе Мигель Кастрони нокаутга учратиб, қирғизистонлик Фарҳод Шариповни очколар ҳисобида енгган эди.
Ҳамюртимиз аввалги жангида мексикалик кучли боксчи Алфонсо Олвера билан дуранг натижа қайд этган эди.