Кириш Регистрация

Ўзбекистон Кубоги-2016. “Севинч” ярим финалда

Баҳо:
+ | -

Бугун Ғузор шаҳрида XV Ўзбекистон Кубоги 1/4 финали жавоб учрашувида "Севинч" жамоаси “Шўртан Lady” жамоаси билан баҳс олиб борди. Жамоамиз устунлигида ўтган учрашувда футболчиларимиз ғузорлик қизлар дарвозасига жавобсиз бешта тўп киритишди ва бу йилги кубок баҳсларининг ярим финалига йўлланмани қўлга киритишди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, учрашув жамоамиз устунлигида ўтди. Учрашувдаги ҳисоб 17-дақиқада Феруза Турдибоева томонидан очилди. У пенальтидан гол киритиб, жамоамизни ҳисобда олдинга олиб чиқда. Бу вазиятда ҳужумчимиз Зебо Жўраевага тўп учун курашда жарима майдони ичида ҳимоячилар қўполлик ишлатишди. Учрашув ҳаками 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Пенальтини Феруза Турдибоева бехато амалга ошириб, учрашувдаги биринчи голга муаллифлик қилди – 0:1.

Учрашувдаги иккинчи гол чиройли тарзда Маҳлиё Сарикова томонидан киритилди. Унинг жарима майдони яқинида дарвоза томон тепган кучли зарбасини Наргиза Махмудова қайтаришга ожизлик қилди – 0:2.

Бу голлардан кейин ҳам жамоамиз ўйинни асло сусайтиришмади. Улар кетма-кет ҳужумлар уюштириб, рақиб жамоани таҳликага солиб туришди. Тўғри, майдон эгалари ҳам қарши ҳужумлар ташкил қилишди. Аммо уларнинг ҳужумлари ниҳоясига етмасдан қолаверди.

Учрашувнинг 23-дақиқасида ҳисоб йирик 0:3 кўринишга ўзгарди. Жамоамизнинг навбатдаги ҳужумини тажрибали ҳужумчимиз Зебо Жўраева гол билан якунлади – 0:3. Жамоалар ана шу ҳисоб билан танаффусга чиқиб кетишди.

Иккинчи бўлимда ҳам майдондаги ташаббус жамоамиз томонида бўлди. Жамоамизнинг икккинчи бўлимдаги ҳужумларининг бирида энди Зумрат Назарова гол уришга муваффақ бўлди – 0:4. Ильвина Аблякимова учрашувдаги жамоамизнинг бешинчи голини киритишга эришди. Бу гол учрашувнинг 60-дақиқасида киритилди – 0:5.

Қолган дақиқаларда жамоамиз футболчилари тўпни бир-бирларига ошириш йўли билан вақтни ўтказишди. Рақиб жамоа эса тақдирга тан берди шекилли, улар асосан ҳимояланиш билан банд бўлишди.

Шундай қилиб, “Севинч” жамоамиз Ўзбекистон Кубоги 1/4 финалининг ҳар иккала учрашувида ҳам зафар қучди, умумий ҳисоб 9:0 бўлди. Жамоамиз бу йилги кубок баҳсларида энди ярим финалда курашни давом эттиради. “Севинч”нинг рақиби 1 октябр куни маълум бўлади. “Машъал W” – “Қизилқум Гули” жамоалари жуфтлигининг ғолиби худди шу куни аниқ бўлади. Ушбу жуфтлик ўртасидаги илк 1/4 финали учрашуви эртага бўлиб ўтади.

XV Ўзбекистон Кубоги, чорак финали жавоб учрашуви. 19.09.2016.
“Шўртан Lady” (Ғузор) – “Севинч” (Қарши) 0:5 (0:3)
Ғузор ш. “Шўртан” ФМ майдони. 16:30да
Дастлабки учрашув: ”Севинч” – “Шўртан Lady” 4:0
Гол: Феруза Турдибоева (пен.) 17′-0:1, Маҳлиё Сарикова, 19′-0:2, Зебо Жўраева, 23′-0:3, Зумрат Назарова, 50′-0:4, Ильвина Аблякимова, 60′-0:5,
Бош ҳакам: Хушнудбек Атамуротов (Хива)
Ёрдамчи ҳакамлар: Ҳуснора Жумаева (Қарши), Маржона Раҳматқулова (Шахрисабз)
Захира ҳаками: Зилола Раҳматова (Қарши).
Назоратчи: Тоштемир Дўстов (Бухоро).
ЎзАФА вакили: Эльмира Ғуломова (Тошкент).

“Шўртан Lady”: 22.Наргиза Махмудова (1.Зарина Саидова 56), 17.Сарвиноз Назарова (с) (30.Фазилат Эргашева 75), 3.Юлдуз Шодиева, 23.Улдона Тўхтаева (14.Динара Милиева 73), 16.Сайёра Жиекбаева, 20.Гулираъно Толмасова, 2.Мухлиса Мирзаёрова, 28.Хусния Ганчева, 6.Гулзода Саидова, 18.Сайёра Нурматова.
Захира: 11.Хуршида Агаева.
“Севинч”: 1.Ольга Кахарова (16.Матлуба Абдирасулова 22, 12.Лайло Тилавова 53), 5.Маҳлиё Юсупова (77.Шодия Тошева 52), 6.Мафтуна Шойимова, 18.Камола Рискиева, 11.Шохида Жамолова, 4.Саида Хандамова (17.Танзиля Зарбиева 46), 7.Феруза Турдибоева, 9.Маҳлиё Сарикова, 20.Зумрат Назарова, 25.Ильвина Аблякимова, Зебо Жўраева (с).
Захира: 19.Шохида Тожиддинова, 22.Малика Бурханова, 37.Нилуфар Қудратова.

Манба: pfcsevinch.uz
Киритилди: 20:28, 19.09.2016.
Ўқилди: 6008 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.