Кириш Регистрация

Таниқли футбол мутахассиси Наримон Жалолов 85 ёшни қарши олди

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон футбол федерацияси фахрийлар кенгаши раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Наримон Жалолов бугун 85 ёшга тўлдилар.

Наримон ака узоқ йиллардан бери мамлакатимизда спорт, хусусан футбол тараққиёти йўлида хормай-толмай меҳнат қилиб келаётган мутахассислардан бири ҳисобланади. У 20 ёшидаёк Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитасининг Тошкент вилоят бўлими раислигига тайинланган ва айнан Наримон ака даврида пойтахт вилояти Тошкент шаҳридан сўнг Республикада спорт соҳасида иккинчи ўринга кўтариб олган. Унинг ташкилотчилиги, ташаббускорлиги эвазига вилоят спорти кўпгина ютуқларга эришган. Пойтахт вилоятига раҳбарлик қилган пайтларда айнан унинг бошчилигида Чирчиқ, Оққўрғон, Бекабод ва Олмалиқ шаҳарларида янги стадионлар, сув ҳавзалари, спорт мажмуалари барпо этилган.

Футболдаги илк қадамларини эса Тошкентнинг “Спартак” жамоасида ташлаган ва ўша даврнинг машҳур футболчилари Маъруф Акбаров, Пошшахон Отахонов, Лазиз Мақсудов ва Акмал Азизхўжаевлар билан бирга тўп тепган. “Пахтакор” жамоасининг бир неча хорижий сафарларида Ўзбекистон делегацияси раҳбарлик қилган. Наримон Жалолов 1992 йилда ЎФФ вице-президенти этиб тайинланган. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач Ўзбекистон футбол федерацияси ФИФА ва ОФКнинг тўлақонли аъзоси бўлиб қабул қилинишида Наримон аканинг хизматлари беқиёс бўлган.

Сўнгги бир неча йилдан бери Наримон Жалолов Ўзбекистон футбол федерацияси фахрийлар кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Мархум футболчилар хотирасига турли мусобақалар ташкил этилишида, ҳар йили “Пахтакор-79” жамоасининг порлоқ хотираси ёдга олинишида, қолаверса мархум футболчиларнинг оилаларидан хабар олинишида унинг хизматлари катта.

Наримон Жалолов бошчилигида қилинган хайрли ишлардан яна бири Ўзбекистонда “Геннадий Красницкий тўпурарлар клуби”га асос солиниши бўлди. Ушбу клубга Ўзбекистон чемпионати ва кубоги, миллий терма жамоа ва клублар таркибида Осиё чемпионлар лигаси ўйинларида рақиблар дарвозасига 100 та тўп кирита олган футболчилар аъзо бўлишади. Ана шундай футболчилар Ўзбекистон футбол федерациясининг махсус эсдалик соврини ва дипломи билан тақдирланиб боришади.

Наримон Жалоловнинг хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, у "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий" фахрий унвони ва "Шуҳрат" медали билан тақдирланган, шунингдек Наримон ака ЎФФ кўкрак нишони соҳиби хисобланади. Биз Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва юртимиздаги олимпия ҳаракатнинг барча иштирокчилари номидан Наримон Жалоловични таваллуд айёмлари билан муборакбод этамиз. Уларга мустаҳкам соғлик ва узоқ умр тилаймиз.

Манба: olympic.uz
Киритилди: 19:15, 23.09.2016.
Ўқилди: 5661 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.