8 октябрь куни Лас-Вегасда (АҚШ) Sin City Showdown бокс кечаси бўлиб ўтади. Унда ўзбек боксчиси Санжар Раҳмонов ҳам иштирок этади.
27 ёшли андижонлик спортчи еттинчи бор профессионал рингда жанг олиб боради. Унга қадар беш марта ғалаба қозониб, бир маротада тенг ҳисоб қайд этилган. Унинг рақиби эса 23 ёшли америкалик Жонатан Дайнонг бўлиб, аввалги беш жангнинг барчасида ғолиб бўлган.
Айни пайтда Санжар Кичик Флойд Мейвезерга тегишли бўлган Mayweather Promotions промоутерлик компанияси жангчиси ҳисобланади. Раҳмонов таниқли америкалик мураббий Дьюи Купер қўл остида машғулот олиб бормоқда.
«Санжар ҳозирда ажойиб формада, у жангга тўлиқ тайёр. Аминманки, у навбатдаги ғалабасини қўлга киритади. Бу Mayweather Promotions компанияси шоуси ва Флойд Мейвезернинг ўзи унинг чиқишини кузатади. Санжар 1−1,5 йилдан сўнг чемпионлик камари учун курашишга тайёр бўлади», — Дьюи Купер «Газета.uz» билан фикрларини ўртоқлашди.