Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Самвел Бабаян билан кенг қамровли интервью

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян чемпионат.com сайтига кенг қамровли интервью берди.

— Эронга қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин футболчиларни керакли йўлга солиб олиш қийин бўлдими?
— Биринчи навбатда бу руҳият билан боғлиқ масала. Биз яхши ўйнаган ва майдонда устунликка эришган аввалги ўйинларга қайтиш керак эди. Эронга қарши ўйинда иккита хатога йўл қўйдик ва улардан бири гол билан якунланди. Боз устига, бу ўйинда терма жамоа етакчиси Одил Аҳмедов иширок эта олмади. Терма жамоа ўйини унинг атрофида қурилган. Хитойга қарши ўйинда таваккал қилиб бўлса-да Одилни майдонга туширдим. Бахтимизга, унинг майдонга қайтиши туфайли биз майдонда устунликка эга бўлдик ва муҳим ғалабани қўлга киритдик.

— Ҳозир Хитой футболига катта ҳажмдаги пуллар тикилмоқда. Лекин бу маҳаллий футболчиларнинг ўсишига хизмат қилмаётгандек.
— Мен Хитой футболини жуда яхши биламан. Боиси, терма жамоанинг 3 нафар футболчиси Суперлигада ўйнайди. Биз рақибларимизни жуда чуқур ўрганамиз. Уларнинг стратегияси, тактикаси, ўйинчиларнинг индивидуал маҳоратларини. Мен Хитой терма жамоаси бош мураббийи Гао Хонгбо билан яхши танишман. Нима учун терма жамоа саралашнинг бу босқичида муваффақиятсиз иштирок этаётгани мен учун ҳам жумбоқ. Улар иккинчи босқичнинг сўнгги турларини жуда кучли ўтказишди ва бир амаллаб учинчи босқичга чиқишди. Лекин ҳозирда Хитой терма жамоаси билан нималар содир бўлаётганини мен тушунтириб бера олмайман. Уларнинг сафида индивидуал жиҳатдан кучли футболчилар бор, уларнинг асосида миллий терма жамоани шакллантириш мумкин. Юлдуз футболчиларнинг Суперлигага ташриф буюриши ушбу мамлакат футболининг ривожига туртки берди. Уларда ўсиш бор, аммо муаммо руҳият билан боғлиқ бўлса керак. Хитой терма жамоаси катта босим остида қолган. Улар Тошкентда меҳмон бўлишганида, хитойлик журналистлар ўзбек ҳамкасбларига нисбатан кўпчиликни ташкил қилди.

— Ўз вақтида худди Хитой каби Ўзбекистонга ҳам жаҳон миқёсидаги юлдузлар – Ривалдо, Сколари, Это’О ташриф буюришганди. Бу қандайдир самара бердими?
— Хитой билан таққослаганда, Ўзбекистон капитални нисбатан самарали, сифатли сарфлади. Хитой кўпроқ келажакни кўзлаган ҳолда ривожлантириш режасини амалга оширмоқда. Уларнинг биринчи галдаги вазифаси — футболни мамлакатда биринчи рақамли спорт турига айлантириш. Шундан сўнг улар сифат устида ишлай бошлашади.

Ўзбекистонда юзага келган шов-шув ҳақида гапирадиган бўлсам, бу футболимизнинг ривожига яхши туртки бўлган. «Бунёдкор» ва «Пахтакор» ўртасида кучли қарама-қаршилик юзага келганди. Ўзбек халқининг футболга бўлган қизиқиши кескин ошганди. Кўпчилик футбол билан шуғуллана бошлади, дербида стадион мухлислар билан тўлди, футболчи бўлишни истаган ёшларнинг сони ошди.

— Унинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаш босқичида омадли иштирок этмоқдами?
— Азалий орзумиз — жаҳон чемпионати йўлланмаси учун икки-учта муҳим қадам ташладик. Ўзбекистон қандайдир қаҳрамонлик кўрсатди, дея гапиришга ҳали эрта. Мақсадимизга эришиш учун ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Биз учун энг муҳими — навбатдаги ўйин. Жанубий Кореяга қарши ўйин олдидан мен муваффақиятларимиз ҳақида гапиришни истамасдим.

— Терма жамоани қабул қилиб олганингиздан нималар ўзгарди? Боиси, сиз жамоани бошқарганингиздан кейин натижа ижобий бўлмоқда.
— Қандайдир натижаларга эришдик деб мақтанишни истамайман. Фақат шуни айтишим мумкинки, терма жамоа якдил фикрли инсонлар йиғилган. Улар аниқ мақсадга эга, жамоанинг ўйин услубини яхши тушунишади ва катта иштиёқ билан футбол ўйнашади. Мен барча-барчани — футболчилар, журналистлар, мухлислар ва ҳамкасб-мураббийларни бир мақсад йўлида бирлаштира олдим. Ҳозирги таркибнинг кўп футболчилари — «Пахтакор» академияси тарбияланувчилари ҳисобланади ва улар ўзларининг профессионал фаолиятларини шу ерда бошлашган. 15 йил давомида мен бошқарган клубда барча нарса бир чизиқда йўлга қўйилган — мактаб-академия-ўринбосарлар-асосий таркиб. Биз биргаликда ривожланиш босқичларини босиб ўтдик. Бу эса менга жанговар таркибни ривожлантиришга ёрдам беради.

— Россияда клублар аввало шахсий манфаатларини ўйлайди ва улар терма жамоа манфаатлари билан кўп ҳам ҳисоблашиб ўтиришмайди. Ўзбекистонда барчаси бошқачами?
— Мен Россия футболидаги вазият билан яхши таниш эмасман. Шу боис, клублар ўз манфаатларини терма жамоа манфаатидан устун қўйишларини тушунмайман. Назаримда, Россия футболидаги муаммоларнинг илдизи шунга бориб тақалса керак.

Мен терма жамоадаги дастлабки расмий ўйинимга қадар катта ҳажмдаги ишни амалга оширдим. Худди сизда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам терма жамоа футболчиларини доимо танқид қилиш одати бор эди. Терма жамоа бош мураббийлигига тайинланганимдан кейин мен спорт журналистларини йиғдим ва уларга савол бердим: мен терма жамоага таклиф қилаётган ўйинчилардан ташқари юртимизда янада иқтидорлироқ футболчилар борми? Бунга рад жавобини олдим. Шундай экан, нима учун уларни қўллаб-қувватламаймиз? Агар Ўзбекистонда Аҳмедов, Денисов, Жепаровдан кўра иқтидорли футболчилар бўлса, уларни менга кўрсатинг, мен уларни терма жамоага таклиф қиламан. Мен улардан йигитларга босим ўтказмасликни сўрадим. Улар ҳали ёш. Барчаси танқидий мақолалар ва фикрларни ўқийди. Уларни қўллаб-қувватлаш керак, улар — халқимизнинг бойлиги. Мухлислар билан ҳам шундай иш қилдим. Мен барча фан-клублар етакчилари билан учрашиб, терма жамоанинг ютуғи — бу фақат Бабаян ёки футболчиларнинг эмас, бутун мамлакат муваффақияти эканини тушунтирдим.

— Бизнинг Россиядаги яна бир муаммолардан бири — терма жамоамиз ўйинчилар эйфорияга берилишса, ғалати ишлар қилишади. Масалан, Кокорин ва Мамаев билан боғлиқ воқеаларни эслаш мумкин. Ўзбекистон терма жамоасида ҳам шундай ишлар бўлиб турадими?
— Бизда бундай муаммолар рўй бермайди. Йигитлар менинг талабимни дарҳол тушуниб олишди. Бу нафақат ўйин услубимиз, балки маиший масалаларга ҳам тегишли. Табиийки, майдон ташқарисидаги интизом машғулот жараёни ва ўйиннинг ўзига таъсир кўрсатади. Ўзбекистон миллий терма жамоасида бундай ишларга йўл қўйилмайди.

— Сўзларингизга қараганда, терма жамоанинг муваффақиятлари ҳақида гапиришга ҳали эрта. Лекин сиз тажрибали инсонсиз, терма жамоада ёш футболчилар кўп. Улардаги эйфориядаги қарши курашиш қийинми?
— Ўз мақсадимизни аниқ белгилаб олганмиз. Ўйин ўтди ва биз кейинги ўйинга тайёргарликни бошлаймиз. Ўйинчилар билан бирга ўзимизнинг аввалги ўйинларимизни таҳлил қиламиз. Эйфорияга берилмаймиз. Боиси, муҳаббатдан нафратгача бир қадам эканини йигитлар тушунишади. Ҳаттоки ҳозир сиз билан суҳбатлаша туриб, менинг фикру хаёлим Кореяга қарши бўладиган ўйинда.

— Сиз терма жамоага ёшларни фаол жалб қиласиз. Бу мажбурий юришми ёки ҳозирда Ўзбекистонда иқтидорли авлод етишиб чиқдими?
— Ҳақиқатан ҳам ҳозирда кўплаб ёш иқтидорли футболчилар етишиб чиқди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон — ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларининг доимий иштирокчиси. Мен ҳозир терма жамоага таклиф қилаётган футболчилар ушбу мусобақаларда иштирок этиб, яхши тажриба тўплашди. Масалан, ёшлар терма жамоамиз Янги Зеландиядаги жаҳон чемпионатида кучли саккизликка кирди. Бу яхши натижа, аммо, назаримда, жамоа ярим финалгача етиб бориши мумкин эди. Ҳозирда бу йигитлар ўз клубларининг етакчиси ҳисобланади. Улар доимий равишда Осиё чемпионлар лигаси баҳсларида иштирок этишади. Бизда яхши ёш футболчилар кўп. Менинг қарашим бўйича, мен ҳозир Ўзбекистон футболи тарихидаги энг иқтидорли жамоани бошқаряпман. Аввалги авлодни хафа қилмоқчи эмасман, бу менинг ўта шахсий фикрим. Ҳозир таркибимизда Аҳмедов, Денисов, Исмоилов, Ҳайдаров, Жепаров ва Гейнрих каби футболчилар авлоди борки, улар терма жамоанинг асосини ташкил қилишади. Шунингдек, Сергеев, Кримец, Шукуров, Ҳошимов, Соҳибов, Шомуродов каби ўйинчилар терма жамоада ўйнамоқда.

Шомуродовга алоҳида тўхталмоқчи эди. Ҳозирда у терма жамоанинг асосий таркиб футболчиси ҳисобланади. Ўйлайманки, Элдор яқин орада жамоанинг етакчисига айланади. Элдор меҳнаткашлиги билан ажралиб туради. У жисмоний жиҳатдан бақувват, у дриблинг ишлатишдан чўчимайди. Унинг алдамчи ҳаракатлари — туғма иқтидор. Бу нарсани амалга ошира оладиган футболчилар кўп, аммо Шомуродов керакли пайтда дриблингдан фойдаланади ва шундан сўнг ўз вақтида узатма беради ёки дарвоза томон зарба беради. Ўйлайманки, келажакда у топ-футболчига айланади.

— У ўз фаолиятини Европада давом эттириш борасида режалар тузиляптими?
— Ҳозирги кунда Осиё клублари катти молиявий имкониятларга эга. Араб жамоаларига ўтиб, у ерда ўйнаш мумкин. Афсуски, баъзида футболчилар ўзининг ривожланишидан кўра катта пулларни устун қўйишади. Лекин Шомуродов Европа жамоасига ўтишни ва у ерда ривожланишни истайди. Элдор тўғри фикрлаётганидан хурсандман. У ўз иқтидорини ривожлантириш ва ўсиш кераклигини тушунади.

— Ёшлар мавзусида сўнгги савол. Ўзбекистонда иқтидорли футболчилар авлодининг юзага келиши — бу табиий жараёнми ёки мамлакатда футболнинг ривожи маҳсулими?
— Президентнинг фармони асосида ҳукумат ва ҳомийларнинг қўллаб-қувватлаши асосида юртимизда футбол тез суръатларда ривожланмоқда. Бирор бир мамлакатда футболни ривожлантириш учун бунчалик кўп ҳукумат қарорлари қабул қилинмаган. Инфраструктура ва моддий база яхшиланди. Агар Тошкент бўйлаб ҳаракатлансангиз, йўлнинг хар икки томонида футбол майдонларига кўзингиз тушади. У ерда болалар эрталабдан кечгача тўп тепишмоқда. Ҳар бир вилотятда замонавий футбол стадионлари қурилди. У ерда терма жамоанинг ўйинларини ўтказиш мумкин. Бундан ташқари, ҳар бир клубга футбол академиялари бириктириб қўйилган. Ва ниҳоят — Россияда «Ротор», «Сатурн» ёки «Уралан» каби клублар йўқ бўлиб кетган ҳолатлар бизда рўй бермайди. Ҳомийлик ва молиялаштириш ҳукумат қарори асосида йўлга қўйилган. Ўйлайманки, Ўзбекистонда футболнинг ривожланиши — мамлакат раҳбариятининг ушбу спорт турига эътибори самарасидир. Ўзбекистон футбол федерацияси президенти — Мираброр Зуфарович Усмоновнинг хизматларини алоҳида тилга олган бўлардим.

— Виталий Денисов ва Одил Аҳмедов «Локомотив» ва «Краснодар»да фақат маълум вазифаларни бажаришади. Терма жамоада уларга майдонда эркин ҳаракатланиш имконияти бериладими?
— Биринчидан, улар терма жамоага ташриф буюришганида клуб билан боғлиқ барча ишларни четга суриб қўйишни сўрайман. Футболчилар турлича кайфиятда келишади. Кимдир клубининг сўнгги ўйинида ютқазган бўлади, кимдир — ютган. Ўзбекистон терма жамоасида маълум талаблар бор ва унга Денисов ҳам, Аҳмедов ҳам бўйсуниши керак. Улар профессионал футболчилар ва буни яхши тушунишади. Жамоа етакчилари талабларни биринчи бўлиб бажаришса, ёшлар уларга интилишади. Улар майдонда бажариши керак бўлган вазифалар бор. Менда Виталий ва Одилга нисбатан ҳеч қандай эътироз йўқ.

Шубҳасиз, улар Ўзбекистоннинг ҳозирги кундаги энг иқтидорли икки футболчиси ҳисобланади. Лекин, улар ҳали ўз салоҳиятларини тўлиқ очиб бера олишмади. Ҳали уларнинг ўз клубларига кўп нафи тегади.

— Аҳмедов ва Денисов Россия футболи билан боғлиқ қандайдир қизиқарли нарсаларни гапириб беришадими? Масалан, рақиблар ҳақида қандайдир маълумотларни айтишар. Масалан, Эрон терма жамоаси футболчилари — Сардор Азмун ва Сайид Иззатуллоҳий «Ростов»да ўйнашади.
— Терма жамоага нафи тегиши мумкин бўлган ҳар қандай маълумот биз учун қизиқ. Лекин клуб ва терма жамоа — бу ёпиқ ҳудуд. Буни ўзингиз ҳам яхши тушунасиз. Ҳа, футболчилар айрим нарсаларни гапиришади. Мен футболчилар билан доимо алоқани ушлаб тураман ва ҳар бир қароримни уларга тушунтираман. Албатта, уларнинг фикрларини ҳам тинглайман. Лекин терма жамоанинг ўйин услуби ва фалсафаси ўзгаришсиз қолади.

— «Оренбург» сафида яна ўзбекистонлик футболчи Вадим Афонин ўйнамоқда. Боз устига, у жамоасининг етакчиси ҳисобланади. Аммо у терма жамоага таклиф этилмаяпти. Бунинг сабаби нима?
— Афониннинг фуқаролиги тўғрисидаги миш-мишлар кўпайиб кетди. Мен у билан гаплашдим ва уни бажонудил терма жамоага таклиф қилишимни айтдим. У ҳам терма жамоада ўйнашга тайёр эканини таъкидлади. Лекин унинг паспорти билан боғлиқ вазият бунга йўл бермаяпти. Яқин орада, унинг паспорти ҳуқуқий кучга эга ёки йўқлигига аниқлик киритиб оламиз. Агар муаммо ҳал бўлса, навбатдаги ўйинга чақирамиз. Албатта, Афонин ўзининг ўйини билан терма жамоадан чақирув олишга лойиқ эканини исботлади. Ўзбекистон футбол федерацияси мутахассислари бу борада иш олиб бормоқда.

— Ўзбек футболининг халқаро аренадаги ёрқин вакили Равшан Эрматов ҳисобланади. У қандай қилиб бундай натижага эришган?
— Биринчи навбатда, Равшан — бошидан оёғигача профессионал. Унинг ҳар кунлик тайёргарлик машғулотини бирор бир футболчи тушида ҳам кўрмаган. Бу жуда катта меҳнат. Албатта, унда катта иқтидор бор. Унинг отаси Ўзбекистон чемпионатида ҳакамлик қилган ва ўз ўғлига яхши тарбия берган. У жуда обрўли шахс. Назаримда, Эрматов замонамизнинг энг яхши ҳаками.

— Ўзбекистон терма жамоаси ФИФА рейтингида ўз тарихидаги энг яхши натижага яқин келди ва Россияни ортда қолдирди. Бу рейтингга аҳамият қаратасизми?
— Албатта, рейтингда юқорига кўтарилаётганимизни кўриш ёқимли. Назорат ўйинлари учун рақиб танлаётганимизда бу бизга маълум имтиёз беради. Барча терма жамоанинг рейтингдаги ўрнига қарайди. Ўсиш ва ривожланиш бор экан — бу жуда зўр.

— Терма жамоа олдига қандай вазифа қўйилган?
— Мақсадимиз – 2018 йили Россияда бўладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш.

— Ўзбекистон терма жамоаси учун бу деярли уйдаги жаҳон чемпионатига айланиб кетади. Ўзбекистоннинг кўплаб фуқаролари терма жамоа иштирокидаги ўйинларга тушуши мумкин. Бу ҳам қўшимча мотивация бўлиши мумкинми?
— Албатта. Ҳозирда миллионлаб ўзбекистонлик кишилар терма жамоанинг жаҳон чемпионатида иштирок этишини истайди. Улар жаҳон чемпионатига ташриф буюриб, терма жамоани қўллаб-қувватлашни оруз қилишади. Ҳаттоки, футболни яхши тушунмайдиган аёллар ҳам футбол орқали олаётган ижобий ҳиссиётлар учун миннатдорчилик билдирмоқда. Ҳозирда халқимиз футбол ҳавоси билан яшамоқда. Ватандошларимизнинг орзусини рўёбга чиқариш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.

Манба: championat.com
Киритилди: 21:41, 17.10.2016.
Ўқилди: 26516 марта.
Фикрлар: 25 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.