Баҳрайнда давом этаётган ёшлар ўртасидаги Осиё чекмпионатида бугун гуруҳ босқичига якун ясалади. Шу пайтгача чорак финалга чиққан 7та жамоанинг номи аниқ бўлган. Уларнинг орасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ҳам бор.
"D" гуруҳи вакиллари — Тожикистон ва Австралия термалари ўртасидаги ўйиндан кейинги саккизинчи чорак финалчининг номи аниқ бўлади. Бу баҳсда қўшниларимизни дуранг натижа ҳам қаноатлантиради.
Жасур Абдураимов шогирдлари гуруҳда 1-ўрин масаласини ҳал қилиб бўлишган. Жамоамиз чорак финалда Эронга қарши майдонга чиқади. Хитой билан бўладиган бугунги баҳсга плей-офф учрашуви олдидан ўзига хос тайёргарлик вазифасини бажариб беради.
Терма жамоамиз сардори Исломжон Қобилов Австралия билан ўйинда қизил карточка олгани учун навбатдаги ўйинни ўтказиб юборади. Шунингдек, "соккеруз" билан баҳсда жароҳат олган футболчиларнинг ҳолати яхши. Улар ўйинга тайёр. Абдураимов бугунги ўйинда асосий таркибнинг бир нечта футболчиларга дам бериш эҳтимоли юқори. Жумладан, терма жамоамизнинг 4 нафар футболчиси — Шароф Муҳитдинов, Ойбек Рустамов, Умиджон Ҳамроев ва Азизжон Ғаниевда биттадан сариқ карточка бор. Улар Хитойга қарши ўйинда яна битта огоҳлантириш олишса, чорак финал баҳсини ўтказиб юборишларига тўғри келади.
Ўзбекистон - Хитой учрашуви Исса Таундаги "Khalifa Sports City Stadium"да бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан 21:30да бошланади.