Рио—2016 Олимпиадасида иштирок этган ўзбекистонлик спортчилардан 3 нафари оила қуриб улгурди. Бу ҳақда «Дарё»нинг Миллий Олимпия Қўмитасидаги манбаси айтиб ўтди.
Юнон-рум курашининг 59 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги беллашувларида бронза медалини қўлга киритган Элмурод Тасмуродов ўз жуфти билан оила қурди.
Шунингдек, дзюдочи Мирали Шарипов ҳам ўз бахтини топиб улгурган. Мазкур спортчи Рио—2016 даги илк жангидаёқ мағлуб бўлиб, Олимпиада билан хайрлашганди.
Фестивалнинг сузиш мусобақаларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Раънохон Омонованинг оилали бўлгани ҳақида «Оламспорт»даги суратдан ҳам билиш мумкин. У 200 метрга сузиш беллашувларида маррага саккизинчи бўлиб етиб келганди.
11 декабрь куни эса ўз вазн тоифасида Рио—2016 Олимпиадасининг бронза медалини қўлга киритган боксчи Рустам Тўлаганов ҳам оила қуради. У 91 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги мусобақада ўз омадини синаб кўрганди.
Рио—2016 йўлланмасини қўлга киритганига қарамай, терма жамоа таркибидан тушиб қолган ва Бразилияга бора олмаган дзюдочи Шарофиддин Лутфуллаев ҳам янги ҳаёт бошлаган.
Маълумот учун, Рио—2016 Олимпиадасида бронза медалини қўлга киритган спортчиларнинг ҳар бирига 75 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули берилганди.