Рио-де-Жанейрода ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида бокс бўйича энг енгил вазн тоифасида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган Ҳасанбой Дўстматовга ҳукумат томонидан Malibu автомобили совға қилинганидан хабарингиз бор. «Авто плюс» газетаси чемпионни айнан автомобиллар борасида суҳбатга тутди, деб ёзади «Carzone.uz»
— Камтарона Matiz’им бор эди. Спорт соясида, мана, улов деса дегудек автомобиль эгаси бўлдим. Спортчилар учун барча шароитларни муҳайё қилиб, муваффақият қозонишимизни таъминлаган ҳукуматимиздан беҳад миннатдорман, — дейди Ҳасанбой.
— Йўлда кўпроқ қанақа қоидабузарликларга йўл қўясиз?
– Кўпинча тезликни ошириб юбораман. Қизиққонликдан бўлса керак.
— Аёлларнинг машина минишига муносабатингиз?
— Бу масалада консерватор эмасман. Марҳамат, хоҳлаганлар ҳайдайверсин. Бўлажак рафиқамнинг ҳам машина бошқаришига монелик қилмайман.
— Фараз қилайлик, муҳим учрашувга шошилаётган чоғингизда йўлда машинаси бузилган ҳайдовчига дуч келдингиз. Унга ёрдам берасизми?
— Вазиятга қараб иш тутаман. Ишим ўта муҳим бўлган тақдирда ҳам вақт ажратиб ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Сабаби, бир кун келиб ўзим ҳам худди шундай вазиятга тушсам ажабмас. «Қайтар дунё», дейишади-ку…
– Сизнингча, дунёдаги энг яхши машина қайси?
– Porsche. Спортчига ярашадиган машина-да. Айниқса, оқ ранглиси.
– Ёзда бир ой Рио-де Жанейрода бўлдингиз. Айтинг-чи, Бразилияда транспорт масаласи қандай йўлга қўйилган? Сизда қандай таассурот қолдирди?
– Бразилиянинг бошқа шаҳарларини кўрмадик. Лекин Риода, улкан мегаполис бўлишига қарамай, бу борада бирон жиддий муаммо кўрмадим. Бизни илиқ кутиб олишди, махсус автобуслар ажратиб беришди. Кўчаларда биттаям йўл нозири йўқ – ҳамма жойда камералар. Шу жиҳати, очиғи, сал ғалати туюлди. Кўз ўрганмаганиданми…