Бокснинг WBA йўналишида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган ўзбекистонлик Руслан Чагаев «News Arena» газетаси билан суҳбатда бўлиб, ватани Ўзбекистон ҳақида илиқ фикрларни билдириб ўтди.
«Ўзбекистон менинг ватаним. Уни жуда-жуда соғиндим — деб гап бошлади Чагаев. — Тез орада бораман. Ҳамма ишларимни йўлга қўйиб олганимдан сўнг қадрдон Ўзбекистонимга қайтаман».
Нашрнинг боксни якунлаши борасида берган саволига Чагаев шундай жавоб қайтарди:
«Вақт ўз ҳукмини ўтказди. Боксда узоқ қолиб кетдим. Етар шунча рингга кўтарилганим. Олимпиада чемпиони бўлган йигитларга қараб туриб, ўйланиб қолдим. Улар мен фаолиятимни бошлаган бир вақтда дунёга келганди. Нима деб ўйлайсиз, боксни тарк этиш вақти келмадимикин? Ҳар нарсанинг ўз вақти ва соати бор. Энди навбат ёшларники».
Чагаев, шунингдек, Рио—2016 да муваффақиятли иштирок этган ўзбекистонлик боксчиларни олқишлаган:
«Баракалла, йигитлар! Бу оғир меҳнат ва машаққатлар самараси. Бу мамлакат бокси тарихидаги энг яхши натижа бўлди. Улар учун, юртим учун хурсандман. Йигитларда ҳарактер ҳамда ватанпарварлик мужассам. Уларни ёрқин келажак кутаётганига ишонаман».
Ўзбекистонлик боксчи ўзбек миллий таомларини соғинганини ҳам қўшимча қилган:
«Паловни ҳеч бир мамлакатда Ўзбекистонимдек ширин ва мазали қилиб тайёрлаб бўлмайди. Бизда ҳар пайшанба ва якшанба кунлари ош дамланади, тўғрими? Балки бошқа кунлар ҳам пишириш мумкиндир, лекин мен шу анъанага содиқ қолганман» (кулади).
«Халқимни жуда севаман! Ўзбекистонимни севаман! Юртдошларимизнинг ҳар бирига соғлик, омад ва бахт тилайман», — деб фикрини якунлаган Руслан Чагаев.