Ростов-Доннинг «Ростов» жамоаси Қозоннинг «Рубин» мухлислари томонидан ҳужумчи Сардор Азмунга қаратилган ҳақоратли баннер туфайли Россия футбол иттифоқи Назорат-интизом қўмитасига шикоят аризасини йўллади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Россия чемпионати 14-турида «Ростов» сафарда «Рубин» меҳмони бўлди. Ўйин вақтида Қозон клуби мухлислари турибунасида Азмун сурати туширилган ва инглизча Liar («Ёлғончи») ёзувли баннер пайдо бўлганди. Мазкур учрашув 0:0 ҳисобида якун топди.
«‘Ростов’ футболчимиз Сардор Азмунга қаратилган ҳақоратли баннер борасида Назорат-интизом қўмитасига шикоят аризасини йўллади», – дейилади «Ростов» клуби матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, «Азмун иши» бўйича «Ростов» ва «Рубин» ўртасидаги баҳс давом этмоқда. Мазкур иш юзасидан ФИФАнинг футболчилар мақоми қўмитасида кўриб чиқилди. Қўмита Лозаннадаги Спорт арбитраж судининг вақтинча қарорини тан олиб, 2016/17 йилги мавсумда эронлик футболчи «Ростов» клуби шарафини ҳимоя қилишини тасдиқлади. Аммо ҳар икки клуб ҳамон Сардор Азмунни ўз мулки деб ҳисобламоқда.
ФИФА ёзда можаро билан «Рубин» клубидан «Ростов» сафига қўшилган Сардор Азмунга тегишли ҳужжатларни тақдим қилишни сўраган, эронлик футболчи эса барча расмий ҳужжатларни тақдим қилган эди.