Колумбияда юз берган «Шапекоэнсе» клуби самолётининг ҳалокатида 6 нафар йўловчи омон қолган. Уларнинг барчаси турли тан жароҳати билан касалхонага ётқизилган.
Тирик қолганлардан бири бортинженер Эрвин Тумири бўлиб, бу мўъжизани сабабларини ошкор қилди.
«Мен хавфсизлик техникаси йўриқномаларига амал қилганим учун тирик қолдим. Ваҳимага тушган йўловчиларнинг кўпчилиги бақир-чақир қилиб, ўрнидан сакраб туришаётганди. Ваҳоланки, бундай қилиш тўғри эмас.
Мен сумкаларимни оёқларим орасига қўйдим, кейин бошим билан эгилиб, тиззаларимни маҳкам қучоқлаб олдим ва шу алфозда ўтирдим. Бунга эмбрион позаси дейилади. Самолёт бортида юз берган фавқулоддаги ҳар қандай вазиятда шундай қилиш талаб этилади» - деди Эрвин.
Натижада Эрвин бошқаларга нисбатан енгил жароҳат олган ва айни пайтда ҳаёти хавф остида эмас.
Эслатиб ўтамиз, авиаҳалокатда 75 нафар йўловчи нобуд бўлган. Қутилиб қолган 6 нафар йўловчидан 5 нафарининг аҳволи оғир.













