Футбол бўйича Англия Премьер-Лигасининг 14-туридан жой олган «Манчестер Сити» — «Челси» ўйини лондонликларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топганди.
Учрашув якунига саноқли сониялар қолганида, аниқроғи, «Сити»нинг мағлубияти аниқ бўлиб улгурган бир пайтда аргентиналик ҳужумчи Серхио Агуэро «Челси»нинг бразилиялик ҳимоячиси Давид Луисга нисбатан ҳаддан ташқари қўпол ўйнади.
Manchester Evening News журналисти Стюарт Бреннаннинг қайд этишича, бундай қўполлик учун Агуэро 4 та ўйинга четлаштирилиши мумкин. Боиси аргентиналик футболчи бунга қадар ҳам 3 та ўйинлик дисквалификацияни ўтаганди. У «Вест Ҳэм»га қарши беллашувдан кейин ҳам жазо чораларига дучор бўлган, бироқ тегишли хулоса чиқармаган.
Шунингдек, «Челси» аъзоси Сеск Фабрегесга тажовузи учун Фернандиньони ҳам 3 та ўйинлик дисквалификация кутиб турибди.
Бу борадаги якуний қарорлар тез кунда эълон қилинади.