Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Ўзбек футболида 2016 йилнинг кашфиётлари

Баҳо:
+ | -

Мавсум якунларига кўра, «Эрудит Спорт» газетаси ўз одатига биноан, «йил кашфиёти»га айланган футболчиларни саралади. Эътиборлиси, улар орасида «Динамо» футболчилари ҳам бор. Жорий мавсумда ҳам бир қатор ёш иқтидорлар порлаб чиқишди. Тўғри, бу йилда ёшларимиз Жаҳон Чемпионатига чиқа олишмади, лекин футболимизга янги номлар кириб келишди.

ЖАСУР ЯХШИБОЕВ

Клуби: «Пахтакор».

Ёши: 19.

Баҳрайнда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионати кўпчилигимизни хурсанд қилди. Жамоа Жаҳон Чемпионатига чиқа олмаган бўлса-да, футболчилар ажойиб ўйин кўрсатишди. Бу таркибда Жасур Яхшибоев алоҳида ажралиб турди. Унинг техникаси ва тўп узатишлари ҳақиқий профессионал футболчиларни эслатиб юборади. Жасур «Пахтакор» аъзоси ҳисобланади ва Осиё Чемпионатидан кейин у клубининг асосий таркибидан ҳам ўрин олишга интилди. Миллий терма жамоа футболчилари билан Жанубий Кореяга қарши ўйинга тайёргарлик доирасида бирга шуғулланишга муваффақ бўлди. Шу кетишда давом этса, ундан кўп нарса кутса бўлади.

ДОСТОН ИБРАГИМОВ

Клуби: «Динамо».

Ёши: 19.

Самарқанднинг «Динамо» клуби футболчиси Достон Ибрагимов ҳам Баҳрайндаги Осиё Чемпионатида порлаб чиқди. Яримҳимоячи мусобақада 3 та голга муаллифлик қилди. Унинг чап қанотдан уюштирган юришлари кўпчиликнинг ёдида қолган. Яхшибоевдан фарқли ўлароқ Достон «Динамо» сафида Биринчи Лига ўйинларида мунтазам қатнашиб келди. У клубида ҳам 3 та гол, 4 та голли пас муаллифи бўлди. «Динамо» Олий Лигага чиққанини инобатга олсак, Достон янги мавсумда Олий Лигада ҳам ўзини кўрсатиши мумкин.

ШОҲРУЗ НОРХОНОВ

Клуби: «Обод»

Ёши: 23

Кўпчилик Неймарга ўхшатадиган «Обод» футболчиси Шоҳруз Норхонов мухлисларнинг ёқимтойига айланиб улгурди. У жорий мавсумда Олий Лигада 14 та гол уришга муваффақ бўлди ва тўпурарлар рўйхатида учинчи ўринни эгаллади. Клубдаги ўйинларини инобатга олиб, Самвел Бабаян уни миллий терма жамоага ҳам чақирди. Ҳужумчи жуссаси кичик, лекин курашувчан. У жамоасининг етакчиларидан бири. Олий Лигада қолиш учун курашган клуб сафида тўпурарлар рўйхатидан жой олишнинг ўзи кўп нарсани англатади. Футболчи кейинги мавсумни қайси клубда бошлашидан қатъий назар, Шоҳруз ўсишда давом этиши шарт.

АМИРЖОН САФАРОВ

Клуби: «Динамо».

Ёши: 21.

Самарқанднинг «Динамо» клуби сафида ажойиб мавсумни ўтказган Амиржон учун бу йил катта футболдаги биринчи йил бўлди. Биринчи Лигада бўлса ҳам 21 ёшда 23 та гол уриш жуда яхши натижа. У ёшлигидан голни ҳис қилишни бошлади ва жамоасида етакчилардан бирига айланди. Уни миллий терма жамоамизнинг доимий ҳужумчиларига рақобатчи сифатида кўрсатмоқчи эмасмиз, лекин голеадорлар камайиб кетган футболимизга шундай ёшлар керак. Унинг Олий Лигада ҳам шундай кўп гол уриши кафолатланмагандир, шундай бўлса-да, Амиржон битта босқични ишончли якунлади. Жамоаси билан Биринчи Лига ғолиби бўлди. Тўпурарлар пойгасида иккинчи бўлди. Кейинги йил янги даврга кўтарилишни ният қилган «Динамо» билан бирга Сафаровнинг ҳам ўсишини жуда хоҳлардик. Сафаров ҳам Норхонов изидан борса ажабмас. Ҳар ҳолда Шоҳруз ҳам ўтган мавсум 22 ёшида Биринчи Лигада тўпурар бўлган, бу йил эса 23 ёшида Олий Лигада ўзини кўрсатди.

БОБУР АБДУҲОЛИҚОВ

Клуби: «Насаф»

Ёши: 19

Мавсум аввалида «Насаф»нинг Чемпионлар Лигасидаги ўйинларини эслайсиз-а? Ҳужумда ёш бир футболчи ўйнаганди. Ўшанда билмагандикки, бу йигит футболимизда йилнинг энг яхши кашфиёти бўлади деб. У эндиликда нафақат қашқадарёликлар учун, балки барча ўзбекистонлик мухлислар учун севимли футболчига айланди. Баҳрайндаги ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионатида ҳам яхши ўйнади. Ёш бўлишига қарамай, профессионал футболчилар орасида ўзини йўқотиб қўймади. Ортда қолган мавсумнинг энг яхши йил кашфиёти шубҳасиз Бобур бўлди. Тез орада уни миллий терма жамоада кутамиз. Бобур бунга муносиб футболчилигини кўрсатишдан тўхтамас, бас.

 

Манба: fcdinamo.uz
Киритилди: 19:00, 08.12.2016.
Ўқилди: 12174 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.