Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида қитъамиздаги клублар миқёсидаги энг нуфузли мусобақа саналадиган Осиё Чемпионлар Лигаси 2017 мавсуми учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Қуръа натижаларига кўра, мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони – Тошкентнинг “Локомотив” клуби мусобақаданинг “А” гуруҳидан ўрин олди ва "Ал Аҳли" (БАА), "Ал Тавун" (С. Арабистони) ҳамда Плей-офф 3 ғолибига қарши баҳс олиб бориши ойдинлашди.
“Темирйўлчилар” жамоаси аъзоси Ислом Тўхтахўжаев клуб матбуот хизматига қуръа борасидаги фикрларини билдириб ўтди.
- Бу сафарги қуръа бизга ўтган йилгидан кўра бироз осонроқ рақибларни тақдим этди, десам хато бўлмаса керак. Зеро 2016 йилги ўрин олган гуруҳимизда номдор рақиблар сони кўпроқ эди. Аммо Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида кучсиз рақибнинг ўзи бўлмайди. Шу боисдан бу гал ҳам ҳар бир рақиб билан бўладиган ўйинга жиддий ҳозирлик кўришимиз талаб этилади. Гуруҳда қайсидир жамоани яққол фаворит ва қайсинидир аутсайдер дея олмайман.
Барчаси мавсум старт олгач жамоаларнинг қай даражада тайёр эканига боғлиқ бўлади.
Ортда қолган мавсумда ОЧЛда ёмон қатнашмадик. Бироқ мусобақада зафар қучмас экансан, иштирокни яхши дея баҳолай олмайсан киши. Шу сабабли бу сафар энди қитъамизнинг нуфузли турнирида ғалаба қозонишга уринамиз.
Шу ўринда, Чемпионлар Лигасида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган “Насаф” ва “Бунёдкор” жамоаларига ҳам омад тилайман ва умид қиламанки, улар ҳам гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритишади, - дейди тажрибали ҳимоячи.