«Аякс» Жофре Торрентсни «Барселона»дан доимий трансфер асосида харид қилганини расман эълон қилди.
Амстердам клуби 19 ёшли чап қанот ҳимоячиси учун 5 млн евро тўлади. Испаниялик футболчи нидерландияликлар билан 2031 йилга қадар амал қиладиган шартнома имзолади.
Келишувга кўра, «Барселона» Торрентснинг трансфер ҳуқуқларидан 50 фоизини ўзида сақлаб қолди. Бу каталонияликларга футболчи келажакда бошқа жамоага сотилса, трансфер маблағининг тенг ярмини олиш имконини беради.
«Барселона» академияси тарбияланувчиси ҳисобланган Торрентс асосан чап қанот ҳимоясида ҳаракат қилади.














