Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Бахтиёр Толипов: «Мухлисларимиз олдидаги қарзларимизни икки баробар қилиб қайтаришимиз зарур»

Баҳо:
+ | -

«Қўқон-1912» шахдам қадамлар билан тараққий этиб бораётган клубларимиздан бири эканлигини мамнуният билан эътироф этиб келамиз. Аниқ ривожланиш стратегиясига эга ва ўз-ўзини маблағ билан таъминлаб, замон талабларига мос тушишларидан яхши хабардорсиз. Жамоа эҳтиёжи учун етарли миқдорда маблағ йўналтирилаётганидан ташқари, инфратузилмани жой-жойига қўйиш учун ҳам сармоя киритилаётганини катта воқеликлар қаторига қўшишимиз мумкин. Жамоанинг ушбу мавсумдаги иштироки унчалик қовушмаганлигини таъкидлаб келдик. Шу сабабли ҳам уларга оид кенгроқ материалларни ижобий тарзда ёритиш насиб этмади.

Ҳар сафар Қўқонга сафар уюштирганимизда, клуб эҳтиёжи учун барпо этилаётган янги иншоотлар билан бевосита клуб раҳбари таништириб чиқади. Бу сафар ҳам анъана бузилмади. «Қўқонспирт» акциядорлик жамияти ҳудуди ичида ўринбосарлар тайёрлаш учун махсус академия биноси, ёпиқ спорт зал, 25 метрли сузиш ҳавзасининг қурилиш ишлари ниҳоясига етиб қолганини кўриб, очиғи, роса ҳавас қилдик. Декабрь ойи охирларига бориб, тўлалигича клуб ихтиёрига топширилади. База борасида ҳам ҳаракатлар тўхтаб қолганди. Негалигини суриштириб билсак, раҳбарият шароитларни янада қулай ҳолга келтириш борасида қўшимча маблағ ажратишга ваъда берган. Камида беш юлдузли отель даражасида бўлишини айтишган.

– Ҳар сафар Қўқонга ташриф буюрганимизда илиқ қарши олиб, амалга оширилган ишлар борасида ўзига хос тарзда ҳисобот берардингиз. Аммо бу йил анъанадан бироз чекинилиб, «сукут» сақланиши жамоанинг чемпионатда муваффақиятли иштирок этмаганлиги билан боғлиқми?
– Суҳбат қилиш мобайнида қандайдир янгиликларга тўхталиб ўтишимиз талаб этилади. Умумий гаплардан газетангиз ўқувчилари ҳам зерикишган бўлишса керак. Доим бир хил мавзу: таркибни кучайтирамиз, легионерлар олиб келиш керак, муаммоларни бартараф этиш, қабилидаги фикрлар доимий такрорланиб келади. Кўрсатишга арзийдиган ишни амалга оширайлик, кейин суҳбатлашиш қочмас, деган маънода интервьюга розилик бермай келаётгандим. Чемпионатнинг илк турларида ҳаракатларимиз бироз ўхшамаганини яхши биласиз. Муродбек Исмоиловни яхши ниятлар билан бош мураббий қилиб олиб келгандик. Мутахассис ишга енг шимариб киришиб, таркибни ёшартириб, бу йилча натижа талаб қилмай туришимизни қаттиқ илтимос қилганди. Бизга ҳам таклифлари ёқиб тушганди. Истеъдодли бир қатор футболчилар жалб қилинди. Ўзбекистон олимпия терма жамоасига номзод ҳисобланган 1995-1996 йилларда таваллуд топган йигитлардан иборат эди. Футболда таркибни ёшартириш сиёсатини бирданига амалга ошириш ниҳоятда мушкул масала ҳисобланар экан. Қолаверса, чемпионатимизнинг савияси баланд эканлиги ҳам сезилиб қолди. Ёш болаларнинг кучи эвазига очко жамғариш ниҳоятда қийин бўлди. Барибир малакали ижрочилар бўлиши зарурлиги кўриниб қолди. Шу сабабли ҳам иккинчи давра баҳсларига киришишдан аввал сафимизни малакали ижрочилар ҳисобига кучайтирмасак бўлмаслигини тушуниб етдик. Сербиядан икки нафар анча бўйдор ҳисобланган ҳимоялар олиб келинди. Якунда худди ўтган мавсумдагидек, мусобақа жадвалида 12-ўрин билан кифояландик. Мақсадимиздан яхши хабардорсиз, жамоа йилдан-йилга натижаларини яхшилаб бориши кўзда тутилаётганди. Ушбу мавсумдаги йўқотишлар ҳисобига, келаси йили бир эмас, икки қадам олдинга ташлашимиз талаб этилади. Ҳар сафар келганингизда қандайдир амалга оширган янгиликларни кўрсатардим. Мана ҳозир ҳам капитал таъмирдан чиқарилган автовокзал биносида жойлашган клуб офислари билан танишиб чиқдингиз. Барча қулайликлар яратиб қўйилган. Амалга оширилаётган қурилишларнинг тўлиқ битишига бироз вақт бор эди. Майли, анъанамиз бузилмасин деган мақсадда ишлар кетаётган жараён билан биргаликда танишиб чиқдик. «Қўқонспирт» акциядорлик жамияти раҳбарларига раҳмат, клубимиз равнақи йўлида, шароитларнинг янада яхшиланиб боришига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Молиявий томондан етарли миқдорда сармоялар ажратилмоқда. Янги иншоотларимиз қурилиши якунига етиб қолди. Ёпиқ залда бемалол мини-футбол мусобақаларини ўтказиш мумкин. Тренажёр зали, сузиш ҳавзалари янги йилгача ихтиёримизга топширишга ваъда берганлар. Стандарт талабларга жавоб берадиган майдонимиз ҳам футболчиларнинг ихтиёрида бўлади. Академиянинг иккита гуруҳи мазкур ҳудудда жойлашади. Қўшимчасига иккинчи лига, ёшлар жамоаси аъзолари ушбу аренадан фойдаланишади. Бемалол айта оламан, бундай ишлар анча-мунча клубларда учрамайди. Жамоанинг эҳтиёжи учун маблағ сарф этишдан ташқари, инфратузилмани такомиллаштириб бориш юзасидан ҳам раҳбарлардан керакли топшириқларни олмоқдамиз. «Қўқон-1912» вақтинчалик жамоа эмаслигига мана шу олиб бораётган сиёсатимиз ҳам бемалол исбот бўла олади.

– Мурод Исмоилов истеъфога чиққач, бош мураббий танлашда қайси омилларга эътибор қаратилди? Чунки Қўқонда тайёр етилган мутахассислар – Мухтор Қурбонов, Шуҳрат Раҳмонқулов, Бахтиёр Ашурматовлар ўша маҳалда жамоасиз қолишганди ва бемалол таклифингизга розилик билдиришарди.
– Бош мураббий танлашда узоқ ўйга толганимиз айни ҳақиқат. Биринчи даврада сафарда «Навбаҳор»дан енгилганимиздан сўнг Муродбек мени ҳам огоҳлантирмай, учрашувдан кейин уюштириладиган матбуот анжуманида жамоадан кетаётганини эълон қилиб юборган. Ноилож, танловини тўғри қабул қилдик. Мақсадлари улкан эди. Жамоанинг келажаги ҳақида жиддий бош қотираётганди. Қилган саъйи-ҳаракатлари қайсидир жабҳаларда ўхшамади. Вақтинчалик жамоани Сергей Ковшовга ишониб топширдик. Шунингдек, Фарғона вилояти футбол федерациясининг биринчи вице-президенти Тоҳир ака Кападзе ҳам ўз ёрдамини тавсия қилиб қолганида, хурсандчилик билан қабул қилдик. Бир вақтлар Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида тўп сурган йигитларнинг 50-60 фоизини қўқонлик йигитлар ташкил этишган. Вақтлар ўтиб, улар эндиликда яхши савиядаги мураббий бўлиб етишишди. Бахтиёр Ашурматов, Мухтор қурбонов, Нўъмон Ҳасанов, Жалол Жўнашев, Баҳром Ҳакимов, Зоҳид Нурматовлар ичидан муносибини танлаб олишдек мураккаб масала олдимизда турганди. Омадимиз чопиб, Нўъмон Ҳасановнинг «Пахтакор»дан кетганлиги ҳақидаги хабарни эшитдик. Мулоҳаза қилиб кўриб, унинг номзодига тўхталдик. Қолганлари ҳам шубҳасиз Қўқон футболи учун жонини бериб ишлашга тайёр мутахассислардир. Кеийнчалик қароримиз тўғри бўлганини ҳаётнинг ўзи исботлаб қўйди. Мураббий ўз олдида турган вазифани ортиғи билан уддалашга эришди. Фарғона вилояти ва Қўқон шаҳар ҳокимлари ҳам ушбу мутахассис борасидаги таклифимизни ҳар томонлама маъқуллашганди. Эришилган натижадан ташқари, ўйин сифати ҳам ортганлигини бошқалар эътироф этиб ўтишди. Чемпионатнинг сўнгги бешта ўйинининг учтасида ғалаба, иккитасида эса дуранг қайд этилди. Энг асосийси, стадионимизга мухлисларни қайтаришга эришдик. Ижобий ўзгаришлар сезила бошлади.

– Демак, келаси мавсумда жамоани қайси мутахассис бошқаради, деган саволга ўрин қолмабди-да?
– Худди шундай. Нўъмонжон соғлиғида айрим муаммо юзага келгани учун шифохонада ётиб, даволанмоқда. 20 декабрда бошланадиган йиғинни ўзи ўтказади. Ишонч катта. Мухлисларимиз олдидаги қарзларимизни икки баробар қилиб қайтаришимиз зарур. Янги чемпионатда камида 6-ўрин учун кураш олиб боришимиз керак. Беш йиллик режамизга кўра, 2018 йилда Осиё Чемпионлар лигасида ўйнаш ҳуқуқини берадиган ўринлардан бирига даъвогарлик қилишимиз кўзда тутилган.

– «Қўқон-1912» ҳақида кейинги йилларда ижобий фикрлар билдириш урфга айланган. Клубнинг нуфузи ортиб, инфратузилма шаклланмоқда. Лекин сафларга малакали ижрочиларни жалб этишда ҳамон муаммога дуч келаётганга ўхшайсизлар.
– Клуб раҳбари сифатида бош мураббий қайси футболчининг хизматига таянмоқчи эканлигини айтса, ҳаммасини олиб бердим. Ижрочиларни мутахассис ўз қарашларидан келиб чиқиб таклиф қилади. Муродбекнинг таркибни ёшартириш борасидаги режаси раҳбариятга ҳам маъқул тушганди. Бироқ ёшларнинг ўзи билангина иш битиши мушкуллиги сезилиб қолди. Иккинчи даврада сербларни таклиф этдик. Бош мураббий керак деганди. «Пахтакор»дан ўйинчи харид қилинди, олинганларнинг ижара ҳақи тўланди. Ўзбекистон миқёсида мураббийларимиз қайси футболчини сафимизда кўришни истасалар, таклиф этиш учун клубнинг имкониятлари бемалол етади. Молиявий томондан шароитларимиз бунга йўл қўяди. Тўғри, чет эллик юлдузларни харид қила олмасмиз. Чақирган легионерларимиз олган пулларини оқлашди. Уйларига кетишларида ҳам чиройли тарзда кузатиб қўйдик. Шартномада белгиланган барча маблағларини тўлиқ тўладик. Хурсанд бўлиб қайтишди.

– Иккала сербнинг келгуси тақдири қандай кечади?
– Режада янги мавсумга тайёргарлик жараёнида уларнинг ҳам машғулотларимизда иштирок этиши бор. Мураббийлар таътилдан қайтишсин, футболчилар борасида маслаҳатлашамиз. Марказий ярим ҳимоячи ёки ўткир ҳужумчи сифатида малакали ҳисобланган хорижлик ўйинчи таклиф этиш ниятидамиз. Легионер футболчилар бизникилардан бир бош устун эканлигидан  ташқари…

– Кечирасиз, шу жойда фикрингизни бўлмоқчимиз. Наҳотки, ўзимизникилардан яққол устунликлари сезилиб турди?
– Ҳа. Бошида мослашишлари бироз қийин кечди. Кейин эса ҳимоя чизиғининг мустаҳкам қўрғонига айлана билишди. Жамоанинг ижобий иштирокига катта ёрдамлари текканини эътироф эта оламан. Иккинчи тарафдан, ҳақиқий профессионал эканликларини намоён этишди. Истиқомат қилаётган меҳмонхонага хабар олиш учун ўтиб тураман. Хоналарига кирганимда, гантель, турли оғирликдаги тошлар ётарди. Энг қизиғи, турник ҳам ўрнатиб олишган экан. Бўш қолди дегунча, ўзларининг устида ишлашга интилишаркан. Улардан ибрат олиб, ўзимизнинг йигитлар ҳам мазкур жараёнга мослашиб боришди. Эндиликда ҳар бирларининг хоналарида гантель бўлиши оддий ҳолга айланди. Ёшларга ўрнак кўрсатишди. Ижобий қирраларини ўзлаштириб қолиш керак, деган фикр футболчиларга таъсирини ўтказди шекилли. Ёш ижрочиларимиз учун тайёр маҳорат мактаби. Демак, яхши савиядаги хорижлик ўйинчининг фойдаси катта экан.

– Нархлари ҳам баланд эмас, тўғрими?
– Ҳозир ўзимизнинг ўйинчини чақирганимизда, шунча кўтарма пули берасан дейди. Иккаласининг оладиган ҳақини қўшиб ҳисобласангиз, легионерларларга деярли барча қатори пул тўланди.

– Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, айрим клублардаги юритилаётган нотўғри сиёсат эвазига маҳаллий футболчиларни ўзимиз «бузяпмиз». Тўланадиган ортиқча пуллар билан талтайтириб юборяпмиз.
– Иккинчи даврада шартномалар янгича тузилиб, бир қатор футболчиларни таклиф қилган бўлсак, кўтарма пуллари шартномасига ёзилмади. Маошига талаб қилган миқдорни қисмларга бўлиб қўшиб бердик. Масалан, бирор футболчи билан 50 миллион сўмга келишган бўлсак, ҳар ой маълум қисмини бериб бордик. Оғзимиз «куйди-да»! Кўтарма пулларни олдиндан олишиб, кейин майдонда ҳаракат қилмай қўйишмоқда. Янги мавсумдан шартномага мана шу бандни киритамиз. Ўйинчи ҳеч нима ютқазмайди. Кўтарма пулини бирданига эмас, ойма-ой тўлаб борамиз. Ўшанда оёғим оғрияпти, жароҳат олдим, қабилидаги баҳоналарга ўрин қолмайди. Мавсумолди тайёргарлик жараёнида бир хиллари зўр ўйнашни бошлашади. Таклиф қилиб адашмадик, дейсиз. Пулини тўлаб бўлганингиздан кейин эса уни умуман таний олмай қоласиз. Номи чиққан, талаб ҳам топилаверар экан. Шу тариқа жамоаларини алмаштириб юришаверади.

– Фарғона водийси футболи инқирозда, деган масалага муносабатингиз қандай?
– Инқироз демаган бўлардим. Биз жойимизда турибмиз. Бошқалар эса анча илгарилаб кетишди. Масалан, олий лигадаги аксарият клублардаги яратилаётган шароитлар билан танишиб бораман. Етакчилар айнан инфратузилма борасида илгарилаб кетишди. Фарғона ёки Андижондан етишиб чиққан иқтидорни эндиликда «Пахтакор» ёки «Бунёдкор»дан сотиб олишимизга тўғри келмоқда. Ўзларида муносиб шароитлар яратилмагани учун четга кетиб қолишмоқда. Мана «Истиқлол» стадиони ичида «Нефтчи»нинг академияси барпо этилди. Фарғонада тўғри қадам қўйила бошланди. 4-5 йил ичида мевасини кўришади. Ўзингиздан етишиб чиққан ўйинчи барибир бошқача бўлади. «Пахтакор» барча учун ўрнак бўлиши керак. Маблағ йўқлигини айтишади. Чемпионатни 5-ўринда тугатишди. Бироз чекиниш қилишади-да, кейин яна аввалги даражасига чиқиб олишади. Чунки мустаҳкам пойдевор қўйилган. Мураббийлар борасида бошқалардан қолишмаймиз. Масалан, Андрей Фёдоровнинг олиб бораётган ишлари яхши. Ўй-хаёли фақат футбол билан банд. Шароит томонидан камчиликларнинг таъсири сезилиб қоляпти. 2012 йилгача Қўқонда жамоа йўқ эди. Оралиқ танаффусдан кейин уч йилда олий лигага чиқишга эришдик. Эндиликда клуб ўз мулкига эга бўлмоқда. Марказий стадион, автовокзал биноси, база тўлалигича клуб ихтиёрида. Илгари ҳеч нимамиз йўқ эди. Яқин кунларда академия ҳам қўшилади. Босқичма-босқич янги даражага чиқиб боряпмиз. Бу қуруқ гаплар эмас. Келгуси йили ташриф буюрганингизда яна бошқа қилган ишларимизни олиб бориб таништирамиз деган умиддаман.

Абдулҳафиз АБДУЛАЗИЗ ўғли суҳбатлашди.
“Футбол Экспресс” газетасидан олинди.

Манба: kokand1912.uz
Киритилди: 08:50, 15.12.2016.
Ўқилди: 7685 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.