Тошкентдаги Универсал спорт саройида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳслари старт олди. Мусобақанинг биринчи кунида юнон-рум кураши бўйича тўртта вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
59 кг вазн тоифасидаги спортчилар баҳсида ҳал қилувчи жанг анчагина муросасиз руҳда кечиб унда 2016 йилги Ўзбекистон кубоги ғолиби, ўтган йилги ёшлар биринчилиги бронза медали соҳиби Ислом Баҳромов беллашув давомида ҳисобда ортда қола туриб якунда Феруз Тўхтаев устидан ғалаба қозона олди.
71 кг вазн тоифасининг финали эса Ўзбекистон кубоги ғолиби Фазлиддин Намозов ва ўтган йили 66 кг вазн тоифасида мамлакат чемпионлигини қўлга киритган Данил Морозовлар ўртасида кечди. Мазкур баҳсда Фазлиддин Намозов рақибининг курагини ерга текказишни уддалаб Ўзбекистон чемпионлигини тантана қилди.
80 кг вазн тоифасида эса Рио-2016 иштирокчиси, Осиё чемпионатларининг бир неча карра совриндори Дилшод Турдиев кутилганидек Мирзоҳид Турсунов устидан зафар қучиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Ва ниҳоят 98 кг вазн тоифасида Республика ва халқаро турнирлар совриндори Жаҳонгир Турдиев барча рақибларидан устун келиб Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. У финалда Аброр Мамасолиевдан устун келди.
Техник натижалар қуйидагича бўлди:
59 кг: 1 – Ислом Баҳромов (ОЗСМ), 2 – Феруз Тухтаев (ОЗСМ),
3 – Мироншох Хасанов (Бухоро) ва Қамариддин Зайниддинов (ОЗСМ)
71 кг: 1 – Фазлиддин Намозов (ОЗСМ), 2 – Данил Морозов (ОЗСМ),
3 – Низом Ходиев (Бухоро) ва Баҳодир Нурниязов (Қоракалпоғистон)
80 кг: 1 – Дилшод Турдиев (ОЗСМ), 2 – Мирзохид Турсунов (ОЗСМ),
3 – Шуҳрат Худойқулов (Самарканд) ва Азиз Неъматов (Фарғона)
98 кг: 1 – Жаҳонгир Турдиев (ОЗСМ), 2 – Аброр Мамасолиев (Андижон),
3 – Жамолиддин Қурбонов (Бухоро) ва Икром Иброҳимов (Бухоро)