Россиялик оғир вазнли боксчи Александр Поветкиннинг допинг иши бўйича текширувлар 2017 йил бошида якунига етиши кутилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон бокс кенгаши (WBC) президенти Маурисио Сулаймон маълум қилди, дея хабар бермоқда «Спорт-Экспресс».
«Биз текширув бошладик. Янги йилгача жуда кам вақт қолди, шу сабабли дам олиш кунлари ҳам кўп бўлади. Биз текширувни 2017 йил бошида якунига етказамиз», — деди Сулаймон.
Эслатиб ўтамиз, 17 декабрь куни, Поветкиннинг канадалик Бермейн Стивернга қарши жангига бир соат қолганида, россиялик боксчининг намуналаридан тақиқланган модда — остарин топилгани маълум бўлди.
Шу сабабли, Поветкиннинг канадалик боксчига қарши WBC муваққат чемпиони унвони учун ўтказилиши лозим бўлган жанги бекор қилинди; шу куни Поветкин Стиверн ўрнига франциялик Ёанн Дюопга қарши рингга чиқди.
Екатеринбургда бўлиб ўтган жангда Александр Поветкин франциялик рақибини олтинчи раундда нокаут билан мағлуб этди. Жанг норасмий мақомда ўтди. «Р-Спорт»нинг ёзишича, франциялик боксчи рингга югуриш кроссовкаларида чиққан.
Промоутер Андрей Рябинский 17 декабрь куни маълум қилганидек, Дюоп «захира варианти» эди. «Бундай йирик тадбирларда ҳар доим захира варианти бўлади», — дея тушунтирган эди у.