Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Қаҳрамон Маҳаммаджонов: «Навбаҳор»да молиявий муаммоларни ҳал қиладиган раҳбарлар уч марта ўзгарди»

Баҳо:
+ | -

Бу йилги мавсумда Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси ўзига хос ва мос бўлмаган ўйин намойиш этиб, якунда аранг олий лигадаги ўрнини сақлаб қолганди. Ҳаққулободнинг «Норин» жамоаси билан ўтказилган «ўтиш ўйини»дан кейин «лочинлар»га қишки таътил эълон қилинганди. 2017 йилги мавсумга тайёргарлик 20 декабрдан бошланади. Биз чемпионат якунлари юзасидан «Навбаҳор»нинг истеъдодли ҳимоячиларидан бири қаҳрамон Маҳаммаджоновдан интервью олдик.

- Қаҳрамон, вазифа уддаланди. Жамоа олий лигадаги ўрнини сақлаб қолди. Лекин умумий олганда, мавсум «Навбаҳор» учун омадсиз якунланди. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?

- Ҳа, фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Мавсум биз учун кутилганидан ҳам оғир ва асабий руҳда ўтди. Гарчи вазифа уддаланган бўлсада, кўрсатган ўйинимиз қониқарсиз баҳоланди. Мураббийлар алмашиши ва иккинчи даврада рақобатбардош футболчиларнинг етишмаслиги бунга асосий сабаб бўлди, деб ўйлайман. Иккинчи давра якунига етаётган бир паллада жамоага Илҳом Мўминжонов бош мураббий этиб тайинланди. Ушбу мутахассиснинг саъй-ҳаракатлари, футболчиларнинг курашиши натижасида олдимизга қўйилган вазифа уддаланди.

- Мураббийлар алмашиши салбий натижага сабаб бўлди, деб ўйлайсизми?

- Ҳа, бу ҳам сабаблардан бири. Чунки ҳар бир мураббийнинг ўз фикри ва тактик жиҳатдан қарашлари бўлади. Шунга қарамай, бу ўзгаришларга эътибор бермасликка интилдик. Энг муҳими, «Навбаҳор» олий лигада қолди.

- Футболчилар профессионал бўлишлари керак, дейишади. Мураббий алмашса ҳам ўйинчи ўз вазифасини сидқидилдан бажаришда давом этиши лозим. Бу фикрга қўшиласизми?

- Албатта, қўшиламан. Футболчи ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз вазифасини профессионал тарзда бажариши шарт. Тўғри, бу ҳар бир футболчининг ўз виждонига боғлиқ.

- Клуб раҳбарияти футболчи ва мураббийлар билан учрашдими?

- Мавсум якунланганидан сўнг ҳали учрашув бўлмади.

- Кўпинча жамоадаги молиявий ҳолат ҳам клубнинг натижаларига салбий таъсир ўтказади. «Навбаҳор»да бундай муаммо кўзга ташланмадими?

- Жамоамизда молиявий масалаларни ҳал қиладиган раҳбарлар уч марта ўзгарди. Бу эса салбий натижага замин яратди. Иккинчи даврада тайинланган мутасаддилар мавжуд муаммони янада чигаллаштириб юборишди. Охир-оқибат жамоа жар ёқасига келиб қолди.

- «Ўтиш ўйини»да «Норин»ни мағлуб этдинглар. Мазкур учрашувда Ҳаққулобод жамоаси «Навбаҳор»га ён босди, деганлар ҳам бўлди. Бу борада фикрингиз қандай?

- Сиз айтган фикрлар фикрлигича қолади, ҳеч қандай асос бўлиб хизмат қилмайди. Чунки бу ўйинни «Спорт» телеканали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этди. Майдонда қандай кураш кечганини ҳамма кўрди. Ҳар икки жамоадан бир нафардан футболчи майдондан четлатилди. Биринчи қизил карточка ўйиннинг бошидаёқ бизнинг футболчимизга кўрсатилди. Тажриба ва маҳорат эвазига рақибни мағлуб этдик. Устига-устак, ўйин Тошкентда бўлиб ўтди.

- Лекин ташкилотчилик деярли ноль ҳолатига тенг бўлди. Бунга қўшиласизми?

- Ўша куни тўп думалоқ эди, лекин майдон... Бошқа томондан, учрашувда бу биз учун унчалик ҳам аҳамиятга эга эмасди. Ҳар қандай шароитда олдимиздаги вазифани уддалашимиз шарт эди.

- қаҳрамон, келажакдаги режаларингиз қандай? «Навбаҳор» билан қанча муддатга шартнома имзолагансиз?

- Шартномам 30 ноябрь куни якунига етди. Ҳозирча оила даврасида ҳордиқ чиқаряман.

- «Навбаҳор»да қолиш ниятингиз борми?

- Албатта.

- Бу мавзуда Илҳом Мўминжонов билан гаплашдингизми?

- Ҳа, оғзаки келишиб олганмиз.

- Бошқа таклифлар ҳам борми?

- Таклифлар бор. Лекин воқеалар ривожидан ўзиб кетмайман. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

- «Машъал» академияси тарбияланувчиси ҳисобланасиз. «Навбаҳор»га ўтишингиз қандай амалга ошганди?

- Муборак жамоасида ўйнаб юрган кезларим «Навбаҳор»дан таклиф бўлганди. Ўшанда «Машъал» клуби раҳбарияти мени бир ярим йилга ижарага берганди. 2013 йилнинг бошида эса «Навбаҳор» трансфер ҳуқуқимни тўлалигича сотиб олди. Ўшандан бери Наманганда тўп суряпман.

- Суҳбатимиз сўнггида футболдаги илк қадамлар ва мураббийларингиз ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

- «Машъал» академиясининг илк тарбияланувчилариданман. Биринчи мураббийим - Нодир Ҳалилов. Шунингдек, миллионлар ўйинидаги дастлабки сабоқларни Одилжон Сотволдиевдан олганман. қолаверса, таниқли футболчи Сайдулло Турсуновдан ҳам бир умрга миннатдорман. Иккинчи лигада ўйнаб юрган кезларим айнан Сайдулло ака мени «Машъал»га чақирганлар.

К.АЛИМОВ суҳбатлашди.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 12:46, 21.12.2016.
Ўқилди: 9389 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.