Буюк Британия, Норвегия ва Чехия Тюмень шаҳрида ўтиши кўзда тутилган биатлон бўйича Жаҳон Кубогига бойкот эълон қилди. «РИА Новости»нинг қайд этишича, бу қарорга россиялик спортчилар билан юз берган допинг можаролари сабаб бўлган.
Аввалроқ Британия биатлончилар уюшмаси шундай қарорга келди ва биатлончилар халқаро уюшмасини бу ҳақда огоҳлантирди. Аризада Норвегия терма жамоаси ҳам Россияга ташрифдан бош тортгани кўрсатиб ўтилган.
Норвегиялик биатлончилар Бутунжаҳон антидопинг ташкилоти рўйхатига тушиб қолган барча россиялик спортчиларни дисквалификация қилишни талаб қилган. Шунингдек, Россияда ўтиши кўзда тутилган барча биатлон бўйича халқаро мусобақалар олиб қўйилиши керак деган ғояни илгари сурган.
Чехия томони ҳам Тюменга бормаслиги ҳақида огоҳлантирди. Тахминларга кўра, яқин орада Франция терма жамоаси ҳам Жаҳон Кубогида иштирок этмаслик баёноти билан чиқади.
Маълумот учун, 13 декабрь куни Россиянинг Сочи шаҳри мезбонлик қилиши керак бўлган бобслей бўйича Жаҳон Чемпионати бекор қилинганди. Бобслей халқаро федерацияси бундай оғир дамларда Россияда турнир ўтказиш тўғри иш эмас деб вазиятга тушунтириш берганди.
Бу мурожаатдан олдинроқ АҚШ, Австрия ва Латвия термалари Сочига бормасликлари ҳақида айтиб ўтганди. Бунга сабаб қилиб Россия билан боғлиқ допинг можаролари ва Ричард Макларен баёноти кўрсатилганди.