Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Шавкат Саидов: «Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар – аскар эмас»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон чемпионатининг  барқарор жамоаларидан бири, 2016 йилги мавсумда турнир жадвалининг 7-поғонасидан ўрин олган Бекободнинг «Металлург» клуби  айни вақтда  олий лиганинг бошқа иштирокчилари сингари навбатдаги мавсумга қизғин тайёргарлик кўрмоқда.  Жамоанинг якунланган мавсумда қайд этган натижалари, янги мавсум учун тузилаётган режалар ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида жамоа бошлиғи Шавкат Саидовни суҳбатга чорладик.

— Шавкат ака, аввало,  «Металлург»нинг 2016 йилги баҳслардаги иштироки ҳақида фикр билдирсангиз. Мавсум арафасида клуб раҳбарияти томонидан жамоага қандай вазифалар қўйилган эди-ю, уларни амалга ошириш даражаси қанақа бўлди?

—  Тан олиб айтиш жоиз, бу йилги мавсум олдингиларига нисбатан муросасиз ўйинлар, тенгма-тенг баҳсларга бой ўтгани билан алоҳида ёдда қолди. Совринли ўринлар учун 2-3 та эмас, балки 7-8 та жамоа кураш олиб борди. Турнирнинг қуйи поғоналарини ўрин олиб турган жамоалар кутилмаганда  пешқадам  клублардан очко олиб қўйиш ҳолатлари кўп бора қайд этилди. Жамоамиз футболчилари ҳам ўзларидаги бор имконият ва маҳоратларини ишга солган ҳолда яхши натижаларни кўрсатиш учун ҳаракат қилдилар. Аммо баъзи учрашувларда кучни тўғри тақсимлай олмаганимиз боис,  бемаврид очко йўқотдик. Шундай бўлса-да, йил бошида жамоа олдига қўйилган вазифа -  олтинчи-ўнинчи ўринлар оралиғидан жой эгаллаш бурчи муваффақиятли адо этилди.  Энг муҳими, чиройли, ҳужумкор ўйин намойиш этиб, мухлисларимизни хурсанд этдик. Чемпионат тўпурарлари рўйхатида иккинчи поғонадан жой эгаллаган Зоҳид Абдуллаев клуб рекордини янгилади. Тажрибали ҳужумчимиз, шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақирилди.  Яна икки нафар истеъдодли  футболчимиз — Исломжон Қобилов ва Жавоҳир Эсонқуловлар Жасур Абдураимов бошчилигидаги 19 ёшгача бўлган ёшлар терма жамоаси сафида Осиё  чемпионати баҳсларида иштирок этиб қайтди. Бундан ташқари, якунланган мавсумда «Металлург» Рустам Мирсодиқов жамоага бош мураббий этиб тайинланганидан буён,  яъни 2008 йилдан бери мавсум давомида энг кўп — 49 очко йиғишга муваффақ бўлди. Бунгача бу борадаги энг яхши кўрсаткич 42 очкога тенг эди. Шу боис ҳам раҳбариятнинг жамоа қайд этган натижаларидан кўнгли тўлди. Мавсум якунланиши муносабати билан пойтахтдаги мўъжаз ресторанлардан бирида дастурхон ёзилиб, жамоанинг барча аъзоларига миннатдорлик билдирилди. Қишки таътил олдидан футболчиларга ойлик маошлар, ваъда қилинган мукофот пуллари топширилди. Хуллас, «Металлург» 2016 йилги мавсумни яхши кайфиятда якунлади.       

— Статистикага мурожаат қилсак, «Металлург» биринчи даврада иккинчи даврага нисбатан яхшироқ натижаларни қайд этганини кўришимиз мумкин. Хусусан, дастлабки учта ўйинда кетма-кет ғалаба қозонган жамоа июнь ойида ўтказилган  тўртта учрашувнинг ҳар бирида қимматли очколарни қўлга киритди. Шу  боис ҳам, июнь ойи якунлари бўйича ўтказилган сўров натижаларига кўра, Рустам Мирсодиқов ва Зоҳид Абдуллаев энг яхшилар қаторидан ўрин олди. Сентябрь ва октябрь ойлари эса аксинча, жамоа учун омадсиз келди. Бундай ҳолатнинг юзага келишига, сизнингча, нима сабаб бўлди?

— Бу саволингизга биринчи жавобни тақвимдан олишингиз мумкин. Зеро, сиз айтгандек, жамоамиз учун омадли келган  июнь ойида кетма-кет иккита ўйинни қуръага мувофиқ, ўз майдонимизда ўтказгандик. Яъни «Андижон» (3:1) ва «Бунёдкор» (1:1) футболчилари Бекободга келганди. Табиийки, иккинчи даврада ана шу рақибларга қарши ўйинларни кетма-кет сафарда ўтказдик. «Андижон»га қарши ўтказилган учрашувда дарвозалар дахсизлиги сақланиб қолинган бўлса, «Бунёдкор»га кичик ҳисобда имкониятни бой бердик.  Иккинчидан, айнан сентябрь ойида жамоамизнинг мавсумдаги энг аламли мағлубияти қайд этилди.  «Бухоро»га қарши ўтказилган уй учрашуви тўлиқ «Металлург» устунлигида ўтган, ўйиндаги ҳисобни ҳам  вакилларимиз  очган бўлса-да, иккита бўлим охирларида меҳмонлар томонидан киритилган голлар беллашув тақдирини ҳал қилди. Эътиборлиси, ушбу мағлубият мавсум давомида ўз майдонимизда қабул қилинган ягона мағлубият сифатида қайд этилди. Мавсумдаги энг ёмон ўйинимизни ҳам ана шу ойда ўтказдик. Тан олиш лозим, «Насаф»га қарши ўтказилган сафар ўйинида (0:3) Рўзиқул Бердиев шогирдлари футболчиларимизга ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Шу боисдан ҳам иккинчи даврадаги кўрсаткичларимиз биринчи  даврадагига нисбатан пастроқ бўлди. 

— «Олий лига-2016» мусобақасининг биринчи турида мавсумнинг дастлабки голига муаллифлик қилган Зоҳид Абдуллаев тўпурарлар баҳсида Темурхўжа Абдуҳолиқовдан кейинги иккинчи натижани қайд этди. Бундай футболчилар доимо барчанинг эътиборида бўлади. Нима деб ўйлайсиз, мабодо Зоҳидга бошқа жамоалардан таклиф тушса, клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби бунга қандай муносабат билдиради?

— Энг аввало шуни таъкидлашим керакки, ҳар бир мавсум аввали ва якунида клуб раҳбарияти иштирокида ўтказиладиган йиғилишларда футболчиларга ўз хоҳиш-истаклари, мақсад-режаларини баён этиш имконияти берилади. Ана шу тадбирларда кимдир бошқа жамоага ўтмоқчилигини айтса, унга қаршилик кўрсатилмайди, аксинча, футболчига бу борада ёрдам берилади. Аҳамиятлиси, Рустам ака Мирсодиқовнинг ўзлари ҳам «жамоанинг иқтидорли  аъзоларига бошқа клублардан таклиф тушса, уни қўллаб-қувватлаш керак», дейдилар.  Кўпни кўрган мураббийнинг айтишича,  ўртамиёна жамоада ўзини кўрсатган футболчи мусобақа совриндорларидан бирининг сафига қўшилса, бу ҳолат  унинг ўзи ва аввалги жамоасига манфаат  келтирибгина қолмай, балки бутун мамлакат  футболининг ўсишига хизмат қилади. Бошқача айтганда, «Локомотив», «Бунёдкор» ёки  «Насаф»га қўшиладиган  футболчимиз ўзининг моддий аҳволини яхшилаш баробарида Осиё Чемпионлар лигаси каби халқаро мусобақаларда тўп суриш, терма жамоа сафига қўшилиш имконияти эга бўлади. Шундай экан, Зоҳид Абдуллаевга олий лига «гранд»ларидан таклиф тушса биз бундан фақат хурсанд бўламиз. 

— «Металлург»нинг чемпионатдаги барқарор клубларидан бири даражасига етишида бош мураббий Рустам Мирсодиқовнинг ўрни катталиги барчага маълум. У кишининг футболчилар билан ишлаш услублари, устоз мураббийнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида нима дея оласиз?

— Ҳақиқатан ҳам Рустам Тўхтамуродович  катта тажрибага эга мутахассис. Аҳамиятли томони шундаки, улар  ҳар бир ўйиндан аввал  футболчиларга рақиб жамоанинг кучи ва мавқеига қараб турли хилдаги кўрсатмаларни берадилар. Масалан, мутахассиснинг фикрича, айтайлик, «Обод»га қарши ўйин «Локомотив» билан ўтказиладиган баҳсга нисбатан оғирроқ ўтиши мумкин. Сабаби, кўпинча футболчилар номдорроқ жамоага қарши  босимдан ҳоли тарзда тўп сурадилар.  Бундан ташқари, Рустам ака жамоадаги муҳитга, футболчиларнинг руҳий ҳолатига алоҳида эътибор қаратадилар. Доимо футболчилар ўртасидаги  аҳилликни  мустаҳкамлаш пайида бўладилар.  Хусусан, жамоамиз аъзоларининг туғилган кунларини жамоанинг барча аъзолари билан нишонлаш бизда анъана тусига кирган. Тўй ва маъракаларга бутун жамоа билан борилади. Бундан ташқари, мураббий шогирдларидан бирининг ўйинида пасайиш рўй берганини сезса, дарров аввал ушбу ҳолатга  таъсир қилиши мумкин бўлган сабабларни ўрганади. Чунончи, аввал спортчига берилаётган топшириқ ва юкламалар қайта кўриб чиқилади, кейин унинг соғлиғи, жисмоний ҳолати текширилади.  Ниҳоят, футболчининг шахсий ҳаёти  билан боғлиқ  муаммолар мавжудлиги аниқланса, тегишли чоралар кўрилади.

— Олий лигада иштирок этган қайси жамоалар сизда алоҳида таассурот қолдирди?

— Суҳбатимиз аввалида айтиб ўтганимдек, бу йилги мавсум қизиқарли ва муросасиз беллашувларга бой бўлди. Чемпионатни мусобақа жавдалининг биринчи поғонасида якунлаган «Локомотив» мамлакат чемпионлари сонини биттага ошириб, ўзбек футболи тарихида янги саҳифа очди. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу ёрқин ғалаба билан «темирйўлчилар»ни яна бир бора табриклайман. Ишончим комилки, яқин келажакда «Насаф» ҳам чемпионлар қаторидан ўрин олади.

—  Дарҳақиқат, «Локомотив» поёнига етган мавсумда кўп йиллик орзусини рўёбга чиқарди. «Насаф»нинг имкониятлари ҳам чакки эмас.  Хўш, «Металлург»-чи? Фикрингизча, жамоангиз қачон  чемпион бўлади? Бунинг учун қандай чоралар кўрилиши керак?

— «Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар - аскар эмас», деганларидек, биз ҳам мусобақа яккапешқадами бўлишни, олтин медалларни қўлга киритишни хоҳлаймиз. Насиб қилса, бир кун бу орзуларимизга ҳам етишамиз. Бунинг учун клуб раҳбарияти томонидан қилиниши мумкин бўлган барча чоралар кўрилмоқда. Натижалар ҳам шунга яраша бўляпти. Бунга «Металлург» ўринбосарларининг ёшлар линасида тўртинчи ўринни («Металлург» билан бир хил очко тўплаган «Навбаҳор» ўзаро ўйинлардаги устунлик эвазигагина учинчи ўриндан жой олди) эгаллагани, «Металлург-Вумен» аёллар жамоаси кетма-кет тўртинчи йил совриндорлар қаторидан ўрин олаётганини  (бу йил жамоа иккинчи ўринни банд этди) ҳамда бу йил клуб қошида ташкил этилган «Металлург» мини-футбол жамоаси футзал бўйича ўтказилаётган миллий чемпионатда муваффақиятли иштирок этаётганини далил-исбот сифатида келтириш мумкин.  Умуман олганда, клубда футболчиларнинг тиббий кўриклардан ўтиши, соғлиқларини тиклаши, тўғри овқатланиши, дам олиши, машғулотларда қатнашиши учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Менимча, жамоамизнинг ҳеч бир аъзоси улар учун яратилган шароитлардан нолимаса керак.

— Бунга шубҳамиз йўқ албатта. «Металлург» клуби аъзолари ҳеч қачон ҳомийларидан нолишмаган.  Дарвоқе, жамоа янги мавсумга тайёргарликни бошлаб юборган бўлса керак?

— Ҳа, худди шундай. 21 декабрь куни Чирчиқ шаҳрида янги мавсум арафасидаги биринчи ўқув-машғулот йиғини ташкил этилади. 29 декабрга қадар давом этадиган ушбу йиғин мобайнида футболчилар клуб маъмурияти томонидан ишлаб чиқилган режалар дастури билан таништириладилар. Кейинги йиғилишимиз январда бўлади.

— Сўнгги саволимиз бевосита сиз билан боғлиқ: Шавкат Саидов «Металлург»да жамоа бошлиғи лавозимини эгаллагунга қадар қаерда ишлаган? 

— Футболга оид дастлабки сабоқларни Тошкент шаҳридаги   Г.Титов номли мактаб-интернатида барчамизга яхши таниш бўлган мутахассис - Рауф Инилеевдан ўрганганман. Шу ўринда,  мазкур таълим масканида Рустам Шоймардонов, Жаъфар Ирисметов, Отабек Пирматов, Рўзиқул Бердиев, Асрор Алиқулов каби ўзбек футболида муносиб из қолдиришга  улгурган вакиллар билан бирга таҳсил олганимни айтиб ўтишни  хоҳлардим. 1992 йилдан 2006 йилгача  «Металлург», «Машъал», «Насаф», «Янгиер»  жамоаларида тўп сурдим. Футболчилик фаолиятим давомида устоз-мураббий Баҳром Давлатовдан ҳам кўп нарса ўзлаштирганимни айтиб ўтиш жоиз. 2009 йилдан буён «Металлург» мураббийлар штабида ишлаб келаяпман. Бекобод жамоасида ўз ўрнимга эга бўлишимда Рустам ака Мирсодиқовнинг ҳиссалари катта, десам адашмайман.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 11:33, 01.01.2017.
Ўқилди: 4391 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.