«Манчестер Сити» Англия Премьер-лигасининг молиявий қоидаларини бузиш бўйича иш доирасида жуда жиддий оқибатларга дуч келиши мумкин. Бу ҳақда журналист Бен Жейкобс ўзининг YouTube-каналида маълум қилди.
«Агар «Манчестер Сити» Премьер-лигадан четлатилса, EFL қарор билан танишиб чиқишни ва АПЛ позициясини қўллаб-қувватлаган ҳолда клубни ўз мусобақаларига ҳам қўймасликка ҳаракат қилишни режалаштирмоқда.
Энг ёмон сценарийда «Манчестер Сити» умуман футбол мусобақаларидан четлатилиши хавфи ҳам бор. Аммо бу фақат ҳуқуқий жиҳатдан мумкин бўлган вариантлардан бири. Шу сабаб ҳозирдан клубга қандай жазо берилиши ҳақида тахмин қилиш тўғри эмас», — деди Жейкобс.
EFL таркибига Англия Премьер-лигасидан кейинги профессионал дивизионлар — Чемпионшип, Биринчи лига ва Иккинчи лига киради.
«Манчестер Сити» 2009–2018 йиллар оралиғида АПЛнинг молиявий қоидаларини бузганликда айбланмоқда. Лига клубга нисбатан жами 115 та айблов илгари сурган.
Айбловлар орасида молиявий маълумотларни тақдим этиш, футболчилар ва мураббийларга тўловлар, УЕФАнинг молиявий фэйр-плей қоидалари, шунингдек, даромадлилик ва барқарорлик талабларига риоя қилиш билан боғлиқ масалалар бор.
Ҳозирда иш мустақил комиссия томонидан кўриб чиқилмоқда.













