Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси футболчилари айни пайтда янги мавсумга бўлган тайёргарликни давом эттиришмоқда. Шунингдек мураббийлар штаби қишки йиғин чоғида янада рақобатдош таркибни такомиллаштириш ҳамда жамоа сафига бир қатор савияли ижрочиларни жалб этишга катта эътибор қаратишган. Умумий қилиб айтганда, селекция жараёни авжида.
Шу билан биргаликда Фарғона вилоятидаги иқтидорли ёш футболчиларни “Нефтчи” ПФК сафига жалб этиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар йўлга қўйилган. Махаллий иқтидорларни жамоага саралаб олишни шахсан клуб раҳбарияти ва жамоа мураббийлари назорат қилишади. Таъкидлаш ўринлики, айни пайтда жамоамизнинг ўринбосарлар таркибига истеъдодли ёшларни жалб этиш жараёни қизғин кетмоқда. Нафақат истеъдодли футболчилар балки келажакда профессионал футболчи бўлишни ният қилган ва ўзини синаб кўриш мақсадида кўрикка келган ёшларга ҳам имкониятлар бериляпти, мураббийлар томонидан ёшларга йўналиш кўрсатилмоқда. Талабга тўлиқ жавоб берадиган ва ўзини хар тарафлама намоён этган ижрочилар янги мавсумда ёшлар жамоаси сафига таклиф этилишлари мумкин.
Бугун ҳам “Истиқлол” стадионининг машғулотлар майдонида ўринбосарлар сафига кўрикка келган ёшлар “Нефтчи” ПФК тасаруффидаги футбол мактаби тарбияланувчиларига қарши назорат баҳсида иштирок этишди. Беллашувни бевосита клуб раиси Рустам Абдуллаев, жамоа бош мураббийи Андрей Фёдоров ҳамда ёшлар жамоаси мураббйилари Баҳром Ҳайдаров, Диёр Алижонов ва Хушбек Қосимов сингари мутахассислар кузатиб боришди.