Премьер Лиганинг амалдаги пешқадами «Челси»га қарши ўйинда ўзининг икки голи билан «Тоттенхэм»нинг ғалабасини таъминлаган Деле Алли Англия футболи мухлисларини ҳайратга солишда давом этмоқда.
Лондонликлар учун жуда муҳим футболчига айланиб бораётган Англия терма жамоаси аъзоси бу жиҳатдан ҳозирда «Реал» етакчиларидан бири бўлган «Тоттенхэм»нинг собиқ аъзоси Гарет Бэйлни эслатиб юбормоқда.
Евроспорт канали ушбу футболчининг сўнгги пайтдаги ўйинларига эътибор қаратди.
Англия Премьер Лигасидаги кетма-кет ғалабалар сони бўйича рекорд сари кетаётган «Челси»ни фақатгина суперқаҳрамон тўхтатиши мумкиндек туюла бошлаганди. Бу қаҳрамон ўзини узоқ куттирмасдан 20 ёшли Алли мисолида намоён бўлди. Премьер Лиганинг ғалабага энг таъсирли футболчиларидан бири бўлган Деле Алли буни «Челси»га қарши ўйинда ҳам исботлади.
«Ливерпул» афсонаси Стивен Жеррарднинг мухлиси эканлигини яширмайдиган Алли айни пайтда «Тоттенхэм»ни ўз елкаларида кўтариб юрибди дейиш мумкин. Лондонликларнинг сўнгги 4 ўйинида 20 ёшли ярим ҳимоячи 7 та гол ургани бунинг далилидир.
Аллининг таъсири фақатгина голлар билан чекланиб қолмаган. Замонавий марказий ярим ҳимоячининг яққол намунаси бўлган Алли Антонио Контенинг 3-4-3 схемасига қарши Маурисио Почеттино томонидан таклиф этилган 3-4-2-1 тактикасида плеймейкер вазифасини ҳам ўз бўйнига олди. Бу позицияда у ўзини сувдаги балиқдек ҳис қилди. Бундан ташқари, керакли вақтда позициясини ўзгартириб, Тибо Куртуа дарвозасини икки марта аниқ нишонга олди.
Аллининг тўпурарлик қобилияти тобора яхшиланиб бормоқда. Ўтган мавсумда 33 ўйинда 10 та гол ва 9 та голли узатма муаллифи бўлган ярим ҳимоячи ушбу мавсумда 20 ўйинда 10 та гол уришга ва 2 та голли узатма беришга улгурди. «Тоттенхэм» ва Англия терма жамоаси учун бу ҳақиқий топилма – Алли инглиз футболининг ёрқин юлдузларидан анча яхши кўрсаткичларга эга.
У ўзининг Премьер Лигадаги дастлабки 20 голини уриши учун 52 ўйин кифоя қилди. Таққослаш учун, шунча гол уриш учун Аллининг позициясида ўйнаган энг таниқли футболчилардан Пол Скоулз 74, Девид Бекхем 90, Френк Лемпард 140, Стивен Жеррард эса 169 ўйин ўтказган.
Муҳимлик даражаси эса мақола бошида тилга олинган Гарет Бэйлга қиёсланаётган Деле Алли «Тоттенхэм»нинг уэлслик собиқ етакчиси ортидан Мадридга ҳам йўл олиши мумкин – «Реал» бу борада таклиф тайёрлаётгани ҳақидаги хабарлар матбуотда пайдо бўлиб улгурди. Қолиш ёки кетишни эса янги қаҳрамоннинг ўзи ҳал қилади.