Кириш Регистрация
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа - Кальяри
30/04 00:00 Барселона - Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

«Барселона»да Луис Энрикенинг ўрнини ким эгаллайди?

Баҳо:
+ | -

Лионел Месси «Барселона» билан шартномасини узайтирадими? «Барселона» мухлисларини анчадан буён қийнаб келаётган савол айнан шудир. Бироқ Испаниянинг амалдаги чемпионларида шартномаси тугаётган яна бир муҳим шахс бор. Аргентиналик ҳужумчи «Барса» билан 2018-йил ёзигача боғланган бўлса, жамоа бош мураббийи Луис Энрике билан шартнома жорий йилнинг ёзида ўз ниҳоясига етади.

Қирол кубоги нимчоракфинали доирасида Билбаонинг «Атлетик» клубидан учралган мағлубият билан мавсумнинг иккинчи қисми бошланиб улгурди ҳамки, Энрике ҳали шартномасини узайтирмади. 20-декабрда ташкиллаштирилган матбуот анжуманида клуб президенти Хосеп Бартомеу ҳозир асосий эътибор жамоа иштирок этаётган мусобақаларда эканлигини айтиб, Энрике билан шартнома масаласига апрел-май ойларида қайтишга ваъда берди.

Бироқ ушбу муддат ичида Луис Энрике бошқа жойга кетишни ёки «Барселона» мураббийни ўзгартиришни хоҳлаб қолиши мумкин. Ҳозирда ҳали ҳеч нарса маълум эмас ва испаниялик мутахассиснинг келажагига боғлиқ бирор эҳтимол кўрилмаяпти. Шунга қарамай, Goal нашри «Барса»ни Энрикедан кейин кимлар бошқариши мумкинлигни тахмин қилиб кўрди.

Эрнесто Валверде – «Атлетик» (Билбао)

1988-1990-йилларда «Барселона»да тўп сурган «Атлетик»нинг ҳозирги бош мураббийининг номи сўнгги кунларда Каталония пойтахтида тез-тез тилга олинмоқда. Каталон матбуоти Валвердени Энрикенинг ўрнига идеал номзод сифатида кўрмоқда. Аслида у 2014-йилда ҳам Луис Энрике билан бирга бу ўринга даъвогар сифатида кўрилган эди. Энди эса 2017-йил ёзида билбаоликлар билан шартномаси тугайдиган бир пайтда у каталонияликлар бош мураббийлиги учун фаворит бўлиб турибди.

52 ёшли мураббийнинг «Атлетик»да кўрсатаётган ўйин фалсафасаси «Барселона»га тўлиқ мос келади. «Эспаньол», «Олимпиакос» ва Билбаода у ҳар доим ижобий қиёфага эга бўлиб келган. Бироқ ҳозирча гранд клубни бошқариб кўрмагани Валверденинг «Барселона»даги эҳтимолий фаолияти учун энг жиддий тўсиқ бўлиши мумкин.

Хуан Карлос Унсуэ – «Барселона»

Ўзида мураббий бўла туриб, четдан излашга на ҳожат? Ҳозирда Луис Энрикега ёрдам бераётган Унсуэ «Барселона»да 2003-йилда Франк Райкаард билан бирга иш бошлаган. Дастлаб дарвозабонлар мураббийи бўлган 49 ёшли мутахассис 2010-йилда «Нумансия», 2012-йилда «Расинг» бош мураббийига айланиб, 2014-йилда «Барселона»га Энрикенинг ёрдамчиси сифатида қайтган.

Гвардиола ишини Виланова давом эттирганидек, Унсуэ ҳам Энрике кетган тақдирда енгил ўтиш даврини таъминлаши мумкин. Тактик билимлари билан танилган мутахассис жамоа таркиби билан яхши танишлиги унга яна бир устунлик тақдим этади. Бироқ унинг бош мураббий сифатидаги натижалари ҳавас қиларли эмас. Виланова билан муваффақиятга эришолмаган каталонияликлар бу борада яхшироқ ўйлаб кўрса керак.

Роналд Куман – «Эвертон» (Ливерпуль)

«Барселона»га бегона бўлмаган яна бир мутахассис – 1989-1995-йиллардаги клубнинг олтин даврида асосий ўйинчилардан бўлган Роналд Куман 1998-2000-йилларда Луи Ван Гаалга ёрдамчилик ҳам қилган. Испан матбуоти каталонияликлар раҳбарияти нидерландиялик мутахассис билан Энрикенинг ўрнини эгаллаш масаласида боғланишга улгургани ҳақида ҳам ёзмоқда.

Куман ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида «Барселона»нинг ўйин услубини жуда яхши билади ва ўзи ишлаган барча жамоаларда уни тадбиқ қилиб келади. 53 ёшли мураббий бир йилча олдин ҳатто «Барселона»ни бошқариш учун ўзи пул тўлашга тайёрлигини ҳазиломуз тарзда маълум қилган эди. Бироқ у ҳам ҳозирча «Барса» даражасидаги жамоага мураббийлик қилиб кўрмаган. «Аякс», «ПСВ», «Фейеноорд», «Саутгемптон»да анча ижобий, «Бенфика» ва «Валенсия»да бироқ салбий таассурот қилдирган Куман 2016-йил ёзидан буён «Эвертон»ни бошқариб келмоқда.

Хорхе Сампаоли – «Севилья»

Чили терма жамоасидаги муваффақиятлари билан танилган аргентиналик мутахассис 2016-йил ёзида Европага – Севильяга кўчиб ўтди. Айни пайтда унинг жамоаси Ла Лигада учинчи ўринда бормоқда, айниқса «Барселона»га қарши ноябр ойида «Севилья» маглуб бўлганига қарамай жуда яхши таассурот қолдирган эди. «Барселона»нинг ўйинига бўлган муҳаббатини яширмайдиган Сампаоли ўз фалсафасига эга бўлган кучли тактик мураббий бўлиб, унинг келиши каталонияликлар ўйинида ҳақиқий инқилобни юзага келтириши мумкин.

Доимо ҳужумкор ва яхши маънода тажовузкор ўйин кўрсатишни ёқтирувчи Сампаолига яхши муносабатда эканлигини жамоа етакчиси Лионел Месси ҳам клуб раҳбариятига билдиргани айтилмоқда. Бироқ Европада ҳали катта тажрибага эга эмаслиги Сампаолининг Каталонияга кўчиб ўтишига халал бериши мумкин.

Томас Тухель – «Боруссия» (Дортмунд)

2015-йилда «Боруссия»га келган Тухел ўтган давр ичида ўзини ҳаммага танитишга улгурди. Инглиз матбуоти германиялик мутахассис ҳозирда Бундеслигада олтинчи ўринда бораётган жамоаси раҳбарияти билан келишолмаётгани ҳақида маълум қилиб турган бир пайтда уни ҳам «Барселона» мураббийлигига номзодлар сафига қўшиш мумкин. «Майнц»да очилган 46 ёшли Тухел бугунги кунда энг истиқболли мураббийлардан саналади.

Унинг «Боруссия»си ушбу мавсумда Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида амалдаги ғолиб «Реал»дан енгилмади ва гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Луис Энрике каталонияликларнинг ўйинига етарлича ўзгартириш киритмагани учун танқида учраган бўлса, Тухел «Барселона»да Сампаоли каби инқилоб қилиши эҳтимоли юқори. Бироқ Тухел тўп назоратига катта эътибор қаратмайди – «Боруссия» унинг қўли устида қарши ҳужумларга асосланиб ўйнамоқда.

Юрген Клопп – «Ливерпуль»

«Боруссия»нинг собиқ бош мураббийи «Ливерпул»га янги қон олиб келиб, жамоа мухлисларида ниҳоят янги умидлар пайдо қилди. 49 ёшли германиялик мутахассис мерсисайдликларни Европа Лигаси финалига олиб чиқди, янги мавсумда эса «Ливерпул» Премер Лига пешқадами «Челси«нинг энг яқин таъқибчиси бўлиб турибди.

Клопп «Барселона»га аввалги икки номзод – Сампаоли ва Тухель фалсафаларининг қўшилмасини тақдим этиши мумкин – у ҳам тажовузкор, ҳам қарши ҳужумга асосланган футбол тарафдори. Бироқ унинг «Ливерпул» билан 2022-йилгача давом этадиган шартномаси бунчалик тез тўхтатилиши эҳтимоли жуда кам. 

Манба: muhokama.com
Киритилди: 12:08, 07.01.2017.
Ўқилди: 12797 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.