Шанба оқшомида “Манчестер Юнайтед” Англия Кубоги доирасида “Рединг”ни қабул қилди ва йирик 4-0 ҳисобида зафар қучди. Биринчи голга муаллифлик қилган Уэйн Руни учун бу 543 учрашувда 249-си бўлди ва жамоа тарихидаги энг яхши тўпурарлардан бирига айланди. «Шрек» тўпурарлик борасида афсонавий Сер Бобби Чарлтонга етиб олди. Ҳали мавсумнинг қолган қисмини ҳисобга олсак, футболчи бемалол бу кўрсаткичини яхшилаш имкониятига эга.
«Бу кўрсаткич келажакда ҳам сақланиб қолмаслигидан ҳафа эмасман, бир кун келиб бу содир бўлиши аниқ эди ва бу рекорд Уэйн Рунига тегишли бўлишидан жуда хурсандман. У бутун фаолияти давомида “Манчестер Юнайтед” ва Англия терма жамоасига қўшган ҳиссасидан фахрланса ҳам бўлаверади. У ажойиб иқтидорга эга ва уни амалда кўриш ёқимли» - деган эди Бобби Чарлтон август ойининг бошларида.
2004-йилда “Олд Траффорд”да, Чемпионлар Лигаси доирасида “Фенербаҳче”га қарши баҳсда ўзининг дебют ўйинида хет-трик қайд этган 19 ёшли футболчи 12 мавсум мобайнида жамоанинг етакчиларидан бирига айланди.
Соф ҳужумчи ролида ўйнамаган бўлсада, Уэйн Руни жамоа тарихидаги ўнликка кира олди. Самарадорлик бўйича фақатгина Денис Лоу (404 ўйинда 237та гол) ва Денис Виоле (293 ўйинда 179 та гол) ундан яхшироқ кўрсаткичга эга.
Руни ўтган мавсумлар мобайнида ўзининг ёрқин ўйинларини кўрсата олди. Албатта сўнгги икки мавсумда унинг ўйинида пасайиш кузатилаётганини эслаб ўтиш керак. Рунининг росмана “очилиши” 2009-2010-йилги ва 2011-2012-йилги мавсумларга тўғри келади. Криштиану Роналдунинг «Реал” Мадридга ўтиши унга барча жабҳада порлашга замин яратди. 2009-2010-йилги мавсумда барча чемпионатларни қўшиб ҳисоблаганда Руни 44 ўйинда 34 та гол урди. Икки йил ўтиб эса Премьер Лигадаги ўзи учун рекорд натижа – 27 та гол урди. Шунга қарамай, тўпурарлар баҳсида иккинчи бўлди. Етакчиликни бўлажак жамоадоши Робин ван Перси эгаллади.
“Арсенал” жамоаси Рунининг севимли “ўлжаси” ҳисобланади. Уэйн Руни ҳозиргача Арсен Венгер жамоасига 14 та гол урган. 2011-йилги 8-2 билан тугаган ўйинда эса Руни хет-трик қайд этганди.