Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Санжар Турсунов: «Ҳамма нарсани пул ҳал қилавермайди»

Баҳо:
+ | -

Ҳамюртимиз Санжар Турсунов Қатар Юлдузлар лигаси иштирокчиси «Ал-Харайтият» клуби билан шартнома имзолади. «Ворскла»нинг собиқ ярим ҳимоячиси учун бу чемпионат бегона эмас, чунки «Умм-Салал» шарафини ҳимоя қилишга улгурган. «Ал-Харайтият» жамоани тарк этган австралиялик Эрик Парталу ўрнига Турсуновни ўз сафига қўшиб олди. Томонлар ўртасида имзоланган шартнома 1,5 йилга мўлжалланган. Термамизга номзод ярим ҳимоячи 29 декабрда туғилган кунини нишонлади. Айнан шу куни уни таваллуд айёми билан табриклаш баҳонасида Санжар Турсуновдан эксклюзив интервью олдик.

- Санжар, Қатарнинг «Ал-Харайтият» клуби билан келишув қай тарзда амалга ошди?

- Қатар жамоаси ноябрь ойида расмий таклиф билан чиққан эди. Музокаралар ўшандан бери давом этди. Декабрь ойи ўрталарида ҳар икки томонни қаноатлантирадиган келишувга эришдик. Қатарга етиб бордим, у ерда тиббий кўрикдан ўтгач, шартномага имзо чекдим.

- Битим 1,5 йилга тузилди, де-йишяпти. Бу маълумотни тасдиқлайсизми? Таништирув маросими қачонга белгиланган?

- Ҳа, бу тўғри маълумот. Айнан шунча муддатга шартнома имзоладим. Ҳозирда машғулотларда иштирок этяпман. Таништирув маросими ҳақида ҳали аниқ маълумот беришмади. Менимча, тақдимот «Ал-Садд»­га қарши кечадиган ўйин олдидан ўтказилса керак.

- Бу клубнинг таклифи сизни нимаси билан ўзига қарата олди? Фақат молиявий томоними ёки Қатар футболи сизга бегона бўлмагани учунми?

- Пул ҳар доим ҳам ҳамма нарсани ҳал қилавермайди. Биринчи галда бу клубнинг янги трансфер бозори очилмасидан қизиқиш билдиргани эътиборимни тортди, чунки аниқ таклиф билан чиқишганди. Келишувга эришиш ҳам қийинчилик туғдирмади. Шартнома бандлари бўйича тезда келишиб олдик. Энг муҳими, менга Қатар, хусусан, Доха шаҳри жуда ҳам ёқади. 2011 йили ушбу мамлакатда ўтказилган Осиё чемпионатидаёқ бу шаҳар мени ўзига мафтун қилганди. Ҳам «Умм-Салал», ҳам «Ал-Харайтият»га ўтишимга асосий сабаблардан бири ушбу мамлакатнинг ёқиши бўлган.

- Аслида, «Умм-Салал»дан кетишингизга нима сабаб бўлганди?

- Мазкур клуб янги шартнома таклиф қилганди, лекин шартлар менга маъқул келмади. Натижада икки томоннинг ўзаро розилиги билан жамоани тарк этдим.

- «Ворскла» варианти ўша пайт пайдо бўлганмиди ёки Полтава клубидагилар «Сиз учун ҳамиша эшигимиз очиқ», дейишганмиди?

- Шу гапингиз тўғри. «Ворскла»дан кетаётганимда ҳам клуб раҳбарлари ва мураббийлар штаби билан яхши кайфиятда хайрлашган эдик. Ўшанда улар «Санжар, истаган пайтда қайтиб келишинг мумкин», дейишганди. «Умм-Салал»ни тарк этаётганимни эшитгач, дарҳол алоқага чиқишди ва мен яна Украина чемпионатига қайтдим.

- «Ворскла»нинг футболчилардан қарздорлиги сақланиб қолаётган экан. Буни жамоа футболчилари, хусусан, ўзингиз ҳам маҳаллий матбуотга берган интервьюнгизда айтдингиз. Вазият ижобий томонга ўзгармадими?

- Ҳақиқатан ҳам шундай. Энг кам қарздорлик мендан бўлса керак. Чунки Полтава жамоаси сафига сентябрь ойида бориб қўшилгандим. Юқорида пул ҳамиша ҳам роль ўйнайвермайди, дедим. Футболда шундай пайтлар бўладики, сиз учун ўйин амалиёти биринчи даражага чиқади. Спорт формамни ушлаб туриш учун ҳам «Ворскла»га қайтишга тўғри келган. Боришимдан олдин Украина клубидаги шароитни билардим. Вазият деярли ўзгармаган, лекин секин-асталик билан бўлсада, қарзларни узишяпти.

- Ҳозир қаерда яшаяпсиз? «Ал-Харайтият» томонидан алоҳида уй берилдими? Ҳар ҳолда шароитлар ёмон бўлмаса керак?

- Ҳаммаси яхши. Ҳозирча меҳмонхонада турибман. Тез орада клуб ажратган алоҳида уйга кўчиб ўтаман.

- Жамоа билан танишишга улгурдингизми?

- Бош мураббий илк машғулотимдаёқ ҳамма билан таништирди. «Умм-Салал»да ўйнаб юрган кезларим уларнинг айримларини танирдим. Таркибда мендан ташқари Бразилия ва Марокашдан келган легионерлар бор. Шу кунларда сафимизга яна бир хорижлик футболчи келиб қўшилиши керак.

- Мураббий хорижликми? У билан гаплашиб олдингизми?

- Ҳа, бош мураббий хориждан. Илк машғулотим олдидан гаплашиб олдик, ўз талабларини айтди.

- Жамоа 13та ўйиндан 7тасида мағлубиятга учраб, 10-ўринда бормоқда. Охирги поғонадаги клуб билан 3 очколик фарқ бор экан. «Харайтият» вазиятни ижобий томонга ўзгартира олармикан?

- Клубимиз сўнгги икки ўйинда ғалабага эришган. Ўйлашимча, ўз ўйинини топиб оляпти. Ҳали олдинда учрашувлар кўп.

- Санжар, 3 январь куни янги клубингиз таркибидаги дебют учрашувдаёқ кучли рақиб - «Ал-Садд»га қарши майдонга тушасиз. Бўлажак ўйиндан нималарни кутяпсиз?

- «Ал-Садд» билан яқиндан танишман. Таркибида юлдуз футболчилар бор. Улардан бири - Хави. Лекин бу йилги ўйинларини кўрмадим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз ғалаба учун майдонга чиқамиз.

- Қатарга қайтганингиздан ке-йин Сардор Рашидов билан гаплашмадингизми?

- Дохага етиб келган кунимоқ кўришдик, Қатар чемпионатига қайтганим билан табриклади. Бу томонлама ўзимни ушбу мамлакатда ёлғиз ҳис қилмайман. Сардор ўз ўйинини топиб олди, кетма-кет голлар уряпти. Унинг муваффақиятидан хурсандман.

- Терма жамоага қайтишга ҳаракат қилишингиз керак. Бу ҳақида ҳам ўйлаяпсизми?

- Ҳозир ўй-хаёлим шунда. Астойдил интиляпман. Терма жамоадан чақирув олишни кутиб қоламан.

- Олий лигамизнинг ўтган мавсуми хусусида фикрингиз қандай?

- Ўзбекистон чемпионатини фақат интернетда кўриб бораман. Чунки олий лигамиз баҳсларини трансляция қилишмайди. Жамоаларнинг турнир жадвалида эгаллаган ўринларига қараб баҳо берадиган бўлсам, «Локомотив» бу йил энг кучли эканлигини амалда исботлади.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 18:30, 08.01.2017.
Ўқилди: 7995 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.