«Машъал» клубига таклиф қилинган футболчи Абдуллоҳ Олимов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Ўтган мавсумни «Қўқон-1912» жамоаси таркибида ўтказдим ва жамоага имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қилдим, аммо баъзи бир ўйинларда мураббийлар мени захирада қолдиришди.
Шартномам якунига етгач жамоани ўзгартиришга қарор қилдим. Олдимда бир қанча вариантлар бор эди ва мен иккиланишсиз «Машъал»ни танладим, боиси бу клуб анча беқарор ва мустаҳкам пойдеворга ҳамда ўзбек футболида ўз мавқеъсига эга бўлган жамоадир. Шартномада кўрсатилган бандлар мени қониқтирди шу боис «Машъал» билан икки йиллик келишувга имзо чекдим.
Эндиликда «Машъал» жамоасининг менга билдирган ишончини оқлаб, муваффақиятига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
Клуб бош директори Илҳом Қурбонов, Жамоа раҳбари Дилявер Ваниев ва бош мураббий Александр Хомяков билан суҳбатлашдим. Улар мени яхши кутиб олишди ва бунинг учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман» - деди футболчи.